ТАЪЛИМГА ЭЪТИБОР — КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОР!

Шу йилнинг баҳорида пойтахтимизнинг Яшнобод туманида 93-сонли давлат мактабгача таълим муассасаси тўлиқ қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилганди.

Ҳозир бу таълим даргоҳида аҳвол қандай? Болажонлар учун яратилган шарт-шароитлардан аҳолининг кўнгли тўляптими?

— Бундан ўттиз икки йил аввал қурилган мазкур даргоҳ қайта таъмирлаш давомида қуввати кенгайди, — дейди муассаса раҳбари Мавжуда Қамбарова. — Илгари 250 ўғил-қиз тарбияланган бўлса, реконструкциядан кейин қабул имкониятимиз 50 нафарга кўпайди.

Қайтадан чирой очган таълим масканида болаларнинг фақат вақтини ўтказиш учун эмас, уларнинг баркамол вояга етишлари учун барча шароитлар яратилган. Муассасада болаларга мусиқа, гимнастика, чет тили ўргатилаётганидан ота-оналар беҳад мамнун. Замонавий усулда жиҳозланган ётоқхоналар, кенг, ёруғ спорт зал, ошхона ва бошқа қўшимча хоналар, ўйингоҳлар жажжи ўғил-қизларнинг ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етишига хизмат қилади. Шунингдек, ушбу масканда ота-оналарнинг талаб ва истаклари асосида болажонлар учун қўшимча пуллик санъат ва спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган.

Эътиборлиси, бугунги кунда “Илк қадам” дастури асосида мактабгача ёшдаги болаларга таълим-тарбия бериш йўлга қўйилган. Аҳамиятли жиҳати, бу дастур ёш авлоднинг саводхонлигини ошириши билан бирга ижодий қобилиятини ҳам ривожлантиради.

Мазкур мактабгача таълим муассасасида болаларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳам доимий эътибор марказида бўлиб келмоқда. Бу борада тадбиркорларнинг аутсорсинг асосида хизмат кўрсатиш тизими жорий этилган. Жумладан, “Kidlanch” МЧЖ хизматчилари томонидан болажонлар учун мазали таомлар ҳозирлаб берилмоқда. Бу усул мактабгача таълим мудирасига асосий диққатини таълимга қаратиш имкониятини яратиши билан ҳам янада аҳамиятлидир.

Болаларнинг бегонаси бўлмайди. Улар – шу юртнинг эртанги куни, унинг чинакам эгалари. Зеро, таълим-тарбия соҳасига қаратилаётган бугунги эътибор юртнинг эртанги куни қандай бўлишини белгиловчи асосий омил эканини даврнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Манба: www.yashnobodnews.uz