Ўзбекистон кубоги: “ЯШНОБОД” САМАРҚАНДДА “ДИНАМО” УСТИДАН ИРОДАЛИ ҒАЛАБА ҚОЗОНДИ

Футбол бўйича Ўзбекистон XXVIII миллий чемпионати ПРО лига дебютанти Тошкентнинг “Яшнобод” жамоаси мамлакат кубоги учрашувларида ўзининг чиройли ўйинлари билан мухлисларни қувонтиришда давом этмоқда.

Дастлабки босқичда сафарда Тошкентнинг “Чиғатой” вакилларини (0:1) мағлубиятга учратган яшнободликлар 1/32 финалда Бухоронинг “Ғиждувон” футболчиларини 3:1 ҳисобида енгган эди. Қуръага кўра, мусобақанинг 1/16 финал босқичида сариқ-қора ранглилар супер лига вакили Самарқанд динамочилари меҳмони бўлди.

Молиявий муаммолар туфайли “Яшнобод” жамоаси аъзолари ўйин куни Самарқанддаги стадионга учрашув бошланишига 1,5 соат қолганида етиб боришди. Мезбонлар чемпионат баҳсларида у қадар ишлари юришмаётган рақибни осонгина мағлубият учратишни кўзлаб, асосий таркибга кира олмаётган футболчилардан таркиб топган ўйинчиларни майдонга туширишди.

Ўйин кутилганидан-да шиддатли бошланди. Дастлабки 15 дақиқада асосан 20-21 ёшли футболчилардан ташкил топган яшнободликлар катта ташаббусга эга бўлишди. Жамоа аъзоларидан Рустамхон Азимов, Жўрабек Эргашев, Амирбек Файзиевлар бир неча бор дарвозабон билан деярли бирга бир вазиятга чиқиб, дарвозани ишғол эта олишмади. Уларда ҳаяжон кучлилиги оқибатида кўплаб имкониятлар ҳавога совурилди.

Бу гал ҳам “Сен урмасанг, сенга уришади” нақл ўз исботини топди. 30-дақиқада меҳмонлар ҳимоячилари тиниб-тинчимас ҳужумчи Санжар Баратовни эътибордан четда қолдиришди. У қулай имкониятни қўлдан бой бермади ва ҳисобни очди — 1:0.

Танаффусдан кейин “Яшнобод” жамоаси бош мураббий таркибда бир қатор ўзгаришларни амалга оширди. Бу жамоа ўйинига янада мазмун ва шиддат олиб кирди. 74-дақиқада меҳмонлар барибир ўз муддаоларига эришдилар. Чап қанотдан Бекзод Азимовнинг жарима майдончасига ҳаволатиб узатган тўпини меҳмонларнинг ўн саккиз ёшли ҳужумчиси дарвозага йўллаб, мувозанатни тиклади — 1:1. Орадан уч дақиқа ўтиб, Азамат Бойматов киритган гол эвазига “Яшнобод” жамоаси ҳисобда олдинга чиқиб олди — 1:2.

Аммо меҳмонлар қувончи узоққа чўзилмади. Ўз вақтида “Бунёдкор” ва миллий терма жамоалар таркибидаги ўйинлари билан мухлисларга танилган тажрибали Воҳид Шодиев ҳисобни тенглаштирди — 2:2.

Айтиш керакки, кўпгина вазиятларда мезбонлар яшнободликларга нисбатан бир мунча қўпол ўйин намойиш этишди. Оқибатда аввалига 86-дақиқада динамочилар ҳужумчиси Амиржон Сафаров майдондан четлатилди. Асосий вақтнинг қолган дақиқаларида ҳисоб ўзгармади ва натижада ўйин тақдири “экстра-тайм”ларда ҳал этиладиган бўлди.

Ундан эса “Яшнобод” футболчилари самарали фойдаланишди. 94-дақиқада Бекзод Аҳмедов жамоадоши Рустамхон Азимовнинг чиройли тарзда тўп билан таъминлади. Дарвозабон билан бирга бир вазиятга чиққан ёш ҳужумчи мўлжада адашмади — 2:3.

Орадан беш дақиқа ўтиб, мезбонлар вакили Дилмурод Каримов майдон марказида айнан “дубл” муаллифи Рустамхон Азимовнинг оёғига зарба бериб, жиддий жароҳат етказишига бир баҳя қолди. Вазиятга яқин турган бош ҳакам Исхак Ибрагимов эса Каримовни майдондан четлатди.

Қолган дақиқаларда майдонда икки киши кам бўлиб қолган мезбонлар аламли мағлубиятни тан олишдан бошқа чора топа олишмади. Шундай қилиб, Ўзбекистон кубоги 1/16 финалда сафарда супер лига вакили “Динамо” жамоаси устидан иродали ғалаба қозонган яшнободликлар ўзига хос “шов-шув” кўтаришди. Фурсатдан фойдаланиб, “Яшнобод” жамоасига мусобақанинг 1/8 финалида ҳам омад тилайман. Яшнободликларнинг кейинги босқичдаги рақиби номи қуръадан кейин маълум бўлади.

ҲАКАМЛАР ҲУЖЖАТИДАН КЎЧИРМА:

Coca-Cola Ўзбекистон Кубоги, 3-босқич

25 июнь, сешанба

“ДИНАМО” (Самарқанд) – “ЯШНОБОД” (Тошкент) — 2:3 (асосий вақтда — 1:0, 2:2, қўшимча бўлимларда — 2:3)

Самарқанд шаҳри, “Динамо” стадиони. 1218 томошабин.

Ҳакамлар: Исхак Ибрагимов, Дамир Искандеров, Даврон Жуманиёзов, Достон Раҳмонов

Назоратчи: Вилоят Нажафалиев

Комиссар: Шохруҳ Саид.

Голлар: Санжар Баратов 30  (1:0). Рустамхон Азимов 74 (1:1). Азамат Бойматов 77 (1:2). Воҳид Шодиев 78 (2:2). Рустамхон Азимов 94 (2:3).

«Динамо»: Шоҳруҳ Эшбўтаев, Аваз Агалиев, Тимур Шарипов, Низом Норов (Аббос Шодмонов, 57), Воҳид Шодиев, Отабек Нарзуллаев, Санжар Баратов, Сирож Ҳамроев(Амиржон Сафаров, 46), Комил Шарофутдинов, Максимилиан Фомин, Дилмурод Каримов.

«Яшнобод»: Абдукарим Муҳаммедов, Юсуф Алимов (Муҳаммадабдулазиз Омоналиев, 46), Ислом Исмоилов, Расул Раҳмонбердиев, Аббос Саидкаримов (Азамат Бойматов, 51), Шокир Бекназаров, Бекзод Аҳмедов, Рустам Азимов, Жўрабек Эргашев (Руслан Веклич, 46 (Аҳроржон Азаматов, 113)), Амирбек Файзиев, Муҳаммад Комилов.

Огоҳлантиришлар: Тимур Шарипов (109) – Расулжон Раҳмонбердиев (86), Рустам Азимов (94).

Четлатишлар: Амиржон Сафаров (86), Дилмурод Каримов (99).

Манба: www.yashnobodnews.uz