Амир Темур таваллудининг 682 йиллигига СОҲИБҚИРОННИНГ УШАЛМАГАН ОРЗУСИ

Тарихдан маълумки, 1360-йили Кеш ҳокими Хожи Барлос (Амир Темурнинг амакиси) муғул хони Туғлуқ Темурнинг Кеш вилоятига бостириб кирганидан қўрқиб Хуросон томонга қочади ва ўзи билан ёш Темурни ҳам олиб кетади. Амударё бўйигача амакиси билан борган ёш Соҳибқирон она юртини муғул босқинчиларига ташлаб қочишни ўзига ор деб билиб, орқага Шахрисабзга қайтади, муғул хони Туғлуқ хузурига бош эгиб боради ва барча шартларига рози бўлиб, она шаҳрини вайроналикдан, наслнинг бузилишидан сақлаб қолади. Бу Соҳибқироннинг биринчи ғалабаси эди.чунки муғулларнинг жуда кўп сонли қўшинига қарши чиқиш, мағлубият билан баробар эканини Соҳибқирон олдиндан идрок эта олган эди… “Мен тажрибамдан билдимки, юз отлиқ қила олмаган ишни бир тўғри тадбир билан амалга ошириш мумкин экан” деб ёзади Амир Темур ўзининг “ТУЗУКЛАР”ида. Туғлуқ Темурхон Соҳибқироннинг хон хизматига ўтиш ҳақидаги фикрини маъқуллаб, унга мингбоши унвонини беради ва уни бутун Мовароуннахрга ҳоким этиб тайинлайди. Амир Темур ҳоким сифатида Кешга келган кунидан бошлаб қўшин йиғишга киришади, эл-улус оқсоқолларини йиғиб, юрт ободлиги ва мустаҳкамлиги учун қайғуради. Туғлуқ Темурхон берган бу ҳокимиятнинг муваққатлигини у англаб турарди. Шунинг учун у қушни амирлар билан бирлашиш лозимлигини англаб етади. Бирлашмасдан туриб озодликка эришиб бўлмасди. Амир Темурнинг бевосита саъй-харакати билан Ҳизр Ясовурий ва Амир Боязид Жалойир лашкарлари бирлашадилар. Амир Темурнинг ўн йиллик ҳаракати бекор кетмади. Мамлакат муғуллардан озод этилди.
1370-йил апрелда Балхда ўтказилган қурултойда Амир Темур Чиғатой салтанатининг вориси деб эълон қилинди. Бутун Туркустон унинг қўл остида бирлашиб, ягона давлат пайдо бўлди. Бу давлатнинг пойтахти Самарқанд шаҳри эди. Соҳибқурон ўзининг ўттиз беш йиллик подшолик даврида жуда кўп юрушлар, қурулишлар қилди. Буларнинг ҳар бири ҳақида бир китоб ёзиш мумкин.
Мен, Соҳибқуроннинг ўз она шаҳрига бўлган муносабати ҳақида озгина туҳталмоқчиман. Соҳибқурон наздида Самарқанд дунёдаги энг гузал шаҳарлардан бири бўлиши лозим эди, шундай бўлди ҳам. Аммо Амир Темурнинг она шаҳри Кешга меҳри барибир булакча эди. Шаҳарнинг ободончилиги билан шахсан ўзи шуғулланар эди. 1380-йилда шаҳарни қайта қуриш учун фармон берди. “Оқсарой” ансамбили ва “Дорус-сиёдат” мажмуасини қуриш бошланди. Буни ўша давирнинг буюк тарихчиси Шарофиддин Али Яздий ўзининг “Зафарнома” асарида қуйидагича тарифлайди:-“…Кешни “ҚУББАТУЛ ИЛМ ВАЛ АДАБ” лақаби булиб турур. Баҳор вақти ул шаҳарнинг томи тоши кум-кук булур ва кук кўринган жихатидан анга Шаҳрисабз от бўлиб турур. Сичен (маймун) йилида, тарих етти юз саксон бирда (1380-йил, март) ул шаҳарга қальа солдурди, ва жаҳдлаб тамом қилдурди. Ва андоқ шаҳри бўлдиким, гардун муҳандиси мунча ёши билан оламни кезиб, хеч бир ерда мундоқ шаҳар ва кушк курмаган турур”; (Шарофиддин Али Яздий “Зафарнома” 88-бет).
Тарихдан маълумки, Оқсаройни қуриш йигирма йилдан ортиқ давом этади. 1404-йилнинг 28-августида Кешга келган Кастилия (Испания) элчиси Руи Гонзалес де Клавиҳо 29-август жума куни ҳамроҳлари билан Оқсаройни кўришга боради. Оқсарой ҳақидаги фикрларини “Самарқанд Темур саройига саёҳат” кундалигида шундай ёзиб қолдиради:-“…Қасирнинг кириш йулаги нихоятда узун ва дарвозаси баланд, шу киравериш жойининг ун ва сул тарафларида ғиштдан кўтарилган, нақш ва безакларга чулғанган арклар бор. Арклар тагида айвонсимон, таги чуқурроқ олинган уймакорона ишланган ҳосхоналар бўлиб, булар султон ҳузурида одамлар ултириши учун мулжалланган. Дарвозалар ортидан яна бошқалари кўриниб турар, улар ортида оқ кошинлар тушалган, айвонлари ажиб тароватликатта ҳовли бор эди. Ҳовли ўртасида ҳовуз бўларди. Ҳовлининг эни учюз қадам чиқарди, қасирнинг энг биносига тилла ҳамда нилий рангдан нақш ва жило берилган бахайбат ва баланд дарвоза орқали кириларди. Эшикнинг юқори қисмидаги марказида қуёш аксидаги шер тасвири бор. Буржларда айнан шу рамз такрорланади. Бу Самарқанд сенёри (Амир Темур)нинг гербидир.Темурбек герби уч ҳалқадан иборат бўлиб, уч иқлим подшоси деган маънони англатади… бутун бўлма ва хоналар олтин, зангори ва хар-ҳил буёқлар билан шу қадар мукаммал ишланганки, моҳпр усталари бўлган Париж аҳли ҳам буни кўриб ҳайратланган булур эди. Бу иш уларга ғоят гўзал ҳисобланган булур эди”.
XIV асрнинг 90-йилларида Амир Темурнинг тез-тез Кешда бўлиши, Шайх Шамсиддин Кулол қабри яқинида ўзига сағана қурдириши, уғиллари Жаҳонгир, Умаршайхларни Кешда дафн эттириши, темурийзодалар учун Дорус-сиёдат мажмуининг қурилиши, қолаверса дунёда ягона Оқсаройнинг Кешда барпо этилишида маълум бир маъно йуқмикан? Амир Темур ҳеч қачон ўзининг режаларини олдиндан эълон қилмаган. Менимча, Хитой юришидан сунг ўз қароргоҳини Оқсаройга кучиришни мўлжаллаган. Балки бу ҳақида валиаҳд Пирмуҳаммадга айтгандир? Афсуски, Амир Темур вафотидан кейин тахтга Мирзо Пирмуҳаммад эмас, ноқонуний йул билан Халил Султон ўтириб олади. Кўп ўтмай тахт учун Халил Султон ва Мирзо Пирмуҳаммад ўртасидаги жангда Халил Султон лашкарларининг қўллари баланд келиб, Мирзо Пирмуҳаммад қатл этилади. Кешни пойтахт қиламан деган Соҳибқироннинг орзуси ҳам Мирзо Пирмуҳаммад билан бирга кетди. Кешни пойтахт қилиш ҳақидаги фикр темурийзодалардан бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “БОБУРНОМА” асарида ҳам учрайди. У шундай ёзади:-“…Темурбекнинг зоди буди Кешдин учун, шаҳар ва пойтахт қилурига кўп саъй ва эҳтимомлар қилди, олий иморатлар Кешта бино қилди. Ўзига девон ултирур учун бир улуғ пештоқ ва яна ўнг ёнида ва сўл ёнида тавочи беклари била девон беклари ултуриб девон сўрар учун, икки кичикроқ пештоқ қилибтур. Бу девонхонанинг ҳал зилъида кичик-кичик токчалар қилибтур, мунча олий тоқ оламда кам нишон берурлар…”
Бундан келиб чиқадики, Кешни пойтахт қилиш учун Соҳибқирон бобомиз барча шароитларни яратган. У Самарқндни энг гўзал ва катта шаҳар қилиб, Кешни эса маъмурий шаҳар сифатида пойтахт қилишни орзулаган.
Ҳозирги кунда Америка Қўшма Штатларида энг катта шаҳар Нъю-Йорк бўлсада, пойтахт кичкина Вашингтон шаҳридадир. Қолаверса, Америка Қўшма Штатлари, Россия, Қирғизистон, Туркманистон, Қозоғистон ва дунёнинг кўпгина давлатларида ҳукумат маъмурий бинолари “Оқ уй” деб аталади. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сунг биринчи Президентимиз ҳам “Оқсарой қароргоҳи”ни қурдирди. Буларнинг барчасида Соҳибқирон бобомиз Шахрисабзда қурдирган гўзал “Оқсарой” билан қандайдир ўҳшашлик, рамзий боғлиқлик бордек…

Мақсуд Астанов,
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи
Тошкент меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар
коллежи бошланғич ташкилоти етакчиси
Манба: www.yashnobodnews.uz