Бозорларимизга килоси 900 сўмдан пиёз тарқатилди

Яшнобод туман ҳокимлиги ташаббуси билан марказий “Авиасозлар” деҳқон бозори АЖ раҳбарияти ҳамда Сурхондарё вилояти фермер хўжаликлари ўртасида тузилган шартномага мувофиқ  бугун пойтахтимизга сифатли ва арзон пиёз маҳсулотлари келтирилди.

 


— Бугун деҳқон бозоримизга фермер хўжаликлар билан тузилган шартномага кўра, Сурхондарё вилоятидан 15 тонна пиёз олиб келинди, — дейди “Авиасозлар” деҳқон бозори АЖ раҳбари Шавкат Қувонов. — Бундан кўзланган бош мақсад — шаҳримиз аҳолиси дастурхонини тўкин қилишдир. Бугуннинг ўзида келтирилган маҳсулот пойтахтимиздаги “Юнусобод”, “Қўйлиқ”, “Наврўз”, “Аския”, “Олой” ҳамда “Миробод” деҳқон бозорларида ташкил этилган арзонлаштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркаларига ҳар бир килоси 900 сўм баҳосида тарқатилди. Келгусида биз шу билан кифояланиб қолмасдан вилоятлардаги фермерлар билан тузилган шартномаларимизга мувофиқ пиёз билан биргаликда картошка, саримсоқ, қизилча, сабзи ва бошқа полиз маҳсулотларининг ҳам арзон баҳолардаги савдосини йўлга қўйишни мўлжаллаганмиз.

Яшнобод туман ҳокимлиги Матбуот хизмати