БЎШ ИШ ЎРИНЛАРИ ЯРМАРКАСИ

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги Политехника касб-ҳунар коллежида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди.

Тадбир тумани ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, туман прокуратураси, туман солиқ инспекцияси ҳамда ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, вақтинча ишсиз шахсларни касб ва малакалари бўйича иш билан таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Ярмаркада  банклар, тиббиёт муассасалари, савдо тармоқлари, ишлаб чиқарувчи корхоналар ва бошқа иш берувчи субъектлар 1435 бўш иш ўрни билан қатнашди. Иштирокчиларга бўш иш ўринлари, меҳнат қонунчилиги, тадбиркорликка йўналтирилган имтиёзли кредитлар тўғрисида маълумот берилди.

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшлар келажагимиз” Давлат дастурига мувофиқ, туманимизда истиқомат қилувчи йигит-қизлар муаммоларини ўрганиш, уларни ҳал этиш чора-тадбирлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда, — дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси Фаррух Маҳмудхўжаев. — Жумладан, ҳозиргача туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда Яшнобод туманида 319 нафар вақтинча ишсиз йигит-қиз рўйхатга олинди. Шундан бугунгача 117 нафарининг бандлиги таъминланди.

Туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан олий ва ўрта махсус ўқув юртлари битирувчилари, вақтинча ишсиз фуқароларни ўзларига мақбул келадиган иш билан таъминлаш, ишга жойлаштириш, касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича хизматлар кўрсатилди. Шунингдек, тижорат банклари ва солиқ органлари вакиллари томонидан тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёшларга микрокредитлар олиш ва солиқ имтиёзларидан фойдаланиш масалалари атрофлича тушунтирилди.

Тадбирда туманда фаолият кўрсатаётган 34 та корхона ва ташкилот ўз бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Якунда 42 нафар кишига янги иш ўринлари учун йўлланмалар тақдим этилди. Шунингдек, 220 нафар кишига меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнат масалалари бўйича маслаҳатлар берилган бўлса, 5 нафар йигит ва қизга касбга қайта ўқитиш учун йўлланмалар тақдим қилинди.


Манба: www.yashnobodnews.uz