Глобаллашув муҳитида ҳар бир халқ она тилини асрашга интилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 10 апрель куни «Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бир-неча кун бўлди – Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42-моддасига қўшимча киритиш бўйича қонун лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Буларнинг бари бизга ўзбек тилига бўлган муносабатимиз ҳақида яна бир карра жиддий ўйлаб кўриш, она тилимизга четдан бир қур назар ташлаш, таҳлил ва тафаккур этиш имкони ва масъулиятини беради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири, профессор Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ билан суҳбатимиз ҳам шу фурсат, шу тафаккур маҳсули ўлароқ эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

– Бугунги синовли кунларда «Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши ҳар қандай шароитда ҳам тил, умуман, маърифат ва маънавият масаласи давлатимизнинг доимий эътибор марказида эканини яна бир бор исботлади. Бу борада қандай муҳим ишлар, режалар кўзланган?

– Глобаллашув муҳитида, мамлакатлар ўртасида барча соҳаларда ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётган бир вақтда ҳар бир халқ, ҳар қайси давлат миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада, аввало, ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масалаларига устувор аҳамият қаратиши табиий. Президентимиз бу жиҳатларга жуда катта эътибор бермоқда.

Ўтган йили давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилинганининг 30 йиллиги кенг нишонлангани, 2019 йил 21 октябрда давлатимиз раҳбари томонидан «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги тарихий фармон қабул қилингани бу борадаги чора-тадбирларни янада жадаллик билан ривожлантиришга кенг йўл очди.

Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмаси сифатида фаолият юритаётган Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳам Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган. Департамент ўз фаолиятини вазирликлар, қўмиталар, давлат бошқаруви, маҳаллий ҳокимият органлари, шунингдек, бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.

Ҳозирги вақтгача департамент томонидан мамлакатда давлат тилининг амал қилиши билан боғлиқ муаммолар изчил ўрганилиб, уларнинг ечимлари юзасидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторинг олиб борилиши йўлга қўйилди. Жамоатчилик назоратининг самарали шакллари жорий этилмоқда.

Президент фармони ижросини таъминлаш босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Шу кунларда 31 йил муқаддам қабул қилинган “Давлат тили ҳақида”ги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ва давлат дастури ишлаб чиқиш устида ишлар бошланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокимлари давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя қилиш, иш юритишни давлат тилида ташкил этишга шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилган.

– Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси фаолияти, вазифалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– Ҳа, энди тилимиз ривожи учун сармоя ҳам бор. Чунки Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармасининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан махсус жамғарма ташкил этилди. Бу жамғарма маблағлари ўзбек тилини ривожлантириш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, шу мақсаддаги лойиҳаларга грантлар ажратиш, китоблар, қўлланмалар, луғатлар ва бошқа ноширлик маҳсулотлари чиқариш, илмий тадқиқотларни, шунингдек, тилимизни ривожлантиришга оид медиа маҳсулотлар, компьютер дастурлари, мобиль иловалар ва бошқа электрон материалларни тайёрлаш ишларини қўллаб-қувватлашга сарфланади. Бундан ташқари, ўзбек тилининг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида она тилимиздаги материалларни чет мамлакатлардаги ўзбек тилини ўргатиш марказларига, ватандошларимизга етказиб беришдек хайрли ишларга йўналтирилади.

– Зиммасида давлат тилида иш олиб бориш, ҳужжатларни аниқ ва тўғри юритиш вазифаси бўлган раҳбарлар, ходимларнинг халқаро атамалар билан таниш эмаслиги ҳам бир муаммо…

– Халқаро атамалар луғатининг тўлдирилган нашри чоп этилади. Шу мақсадда ташкил этиладиган ишчи гуруҳга аввал шу турдаги луғатларга муаллифлик, ҳаммуаллифлик қилган тажрибали олимлар жалб этилиши кўзда тутилган. Луғатларни мукаммаллаштириш, уларда халқимиз илмий, маърифий ва бадиий тафаккурининг бебаҳо маҳсули бўлган она тилимиздаги барча сўзлар, барқарор бирикмаларни қамраб олиш энг муҳим мезон сифатида белгилаб берилган.

Халқаро атамалар бугунги глобаллашув даврида, айниқса кенг қулоч ёйди. Шу боис, халқаро атамалар луғати яқин вақтда, шу йил чоп этилиши режалаштирилган. Ўз навбатида, ижтимоий-сиёсий, турли фан соҳалари атамалари, ўзбек тили маънодош сўзлари, фразеологизмлари изоҳли луғатларини мукаммаллаштиришни ҳам мақсад қилганмиз.

Қарор иловасида Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти олимлари томонидан 2020-2022 йилларда ўзбек тили ва адабиётига доир фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга ошириш чора-тадбирлари белгиланган. Унга кўра, янгиланиб тўлдириладиган, қайта ишланадиган луғатларнинг барчаси ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан чоп этилиши режалаштирилган. Она тилимизнинг такомили, унинг дунё ҳамжамиятида янада мустаҳкам мавқе тутишига, албатта, эришамиз.

Озода БЕКМУРОДОВА

суҳбатлашди