“ДЎСТЛИК” ИСТИРОҲАТ БОҒИДА МЕҲНАТ ЯРМАРКАСИ ЎТКАЗИЛДИ

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги “Дўстлик” истироҳат боғида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш ва “30 июнь — Ёшлар куни”ни муносиб нишонлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди. Тадбирдан кўзланган мақсад  олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, вақтинча ишсиз шахсларни касб ва малакалари бўйича иш билан таъминлашдир.

Туман ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман бўлими ҳамкорлигида ўтказилган ярмаркада ишлаб чиқариш корхоналари, банклар, тиббиёт ва таълим муассасалари, савдо тармоқлари, ишлаб чиқарувчи корхоналар ва бошқа иш берувчи субъектлари ўзларидаги мавжуд бўш иш ўрни билан қатнашди. Иштирокчиларга бўш иш ўринлари, меҳнат қонунчилиги, тадбиркорликка йўналтирилган имтиёзли кредитлар тўғрисида маълумот берилди.

Туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан олий ва ўрта махсус ўқув юртлари битирувчилари, вақтинча ишсиз фуқароларни ўзларига мақбул келадиган иш билан таъминлаш, ишга жойлаштириш, касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича хизматлар кўрсатилди. Шунингдек, тижорат банклари ва солиқ органлари вакиллари томонидан тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёшларга микрокредитлар олиш ва солиқ имтиёзларидан фойдаланиш масалалари атрофлича тушунтирилди.

Тадбирда йигирма нафарга яқин фуқарога доимий ишга йўлланмалар тақдим қилинди.

 

Манба: www.yashnobodnews.uz