ЖИНОЯТНИНГ КАТТА-КИЧИГИ БЎЛМАЙДИ

Кейинги йилларда мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Ички ишлар органлари томонидан ёшлар билан ишлаш, уларнинг билими ва касбий тайёргарлигини ошириш, муносиб иш шароитига эга бўлишида яқиндан кўмак беришни таъминлаш чоралари кўрилди. Жойларда ички ишлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳам аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот тадбирлари мунтазам ва самарали ўтказилишига эътибор қаратмоқда. Жиноятчиликнинг олдини олишда фуқароларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш, уларни қонунлардан хабардор этиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги тушунтирилмоқда.

Шунга қарамасдан, аҳоли ўртасида жиноят йўлига кираётганлар, қасддан одам ўлдириш ва тан жароҳати етказиш, ўғирлик ва безорилик ҳолатлари учраб турганлиги ачинарлидир. Бу эса соҳада ҳали қилинадиган ишлар талайгина эканлигидан дарак бериб турибди.

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 10-сонли мусиқа ва санъат мактаби йиғилишлар саройида ўтган тадбир айнан аҳоли ўртасида жиноятчиликни камайтириш, жиноятни олдини олишга бағишланди. Тадбирни Яшнобод тумани ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов очди ва олиб борди.

Йиғилишда Ўзбекистон Ички ишлар вазири ўринбосари, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Рустам Жўраев, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилбар Нажмиддинова, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Фурқат Маҳмудхўжаев ва бошқалар иштирок этди ва сўзга чиқди.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, фаоллар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар мутасаддилари иштирокидаги ушбу йиғилишда ҳам ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.

Охирги пайтда маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётган, зарур чора-тадбирлар кўрилаётган, тарғибот-ташвиқот ишлари кучайтирилаётган бўлса-да, оилавий ажрим, оила аъзолари ўртасида ўзаро келишмовчилик, турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари учраб турибди. Халқимизда “Касални даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал”, деган ҳикмат бор. Бинобарин, содир этилган жиноятни муҳокама этишдан кўра, унинг олдини олиш чораларини кўриш муҳимлиги тобора аён бўлмоқда.

Тадбирда  «Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак», деган туйғуни ҳар бир фуқаро, айниқса, ёшлар онгида шакллантириш, бефарқлик, лоқайдликка барҳам бериш, пировардида, ҳар бир оила, таълим муассасаси, ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш юзасидан фикр алмашилди. Маҳалла, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик учун омил бўлаётган ишсизлик, гиёҳвандлик, қаровсизлик, оилавий низо каби иллатларнинг вақтида олдини олиш чораларини кўриши зарурлиги таъкидланди.

— Жиноятнинг катта-кичиги бўлмайди, — дейди Халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгаши қошидаги ҳуқуқбузарлик профиклактикаси, тадбиркорликни ривожлантириш ва муаммоли оилалар билан ишлаш устидан назорат қилиш жамоатчилик Кенгаши раиси Эргаш Каримов. — Жиноят жазосиз қолмайди, албатта.  Демак, бизнинг асосий мақсадимиз жиноятчиликнинг олдини олиш ва бунинг учун барча бирдек ўзи масъул, деб билмоғи лозим. Бу борада тизимли чора-тадбирларни йўлга қўйганмиз, барча имкониятларимизни ишга солаяпмиз. Жумладан, таълим муассасаларида, маҳаллаларда профилактик тадбирлар ўтказилмоқда, ёшларимизга ҳар бир жиноятнинг оқибатлари ҳақида тушунчалар беряпмиз. Профилактика инспекторлари туну кун ҳудудларда навбатчилик қилмоқда.

 

Манба: www.yashnobodnews.uz