ИСТЕЪДОДЛАРНИ КАШФ ЭТГАН ТУРНИР

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида болалар ва ўсмирларни спорт тўгаракларига жалб этиш, улар ўртасида турли мусобақалар ўтказиш тобора анъана тусини олмоқда. Бунда туман ҳокимлигининг алоҳида ғамхўрлиги ва ташаббускорлигини алоҳида таъкидлаш керак.

Май ойининг бошида туманда ўсмирлар ўртасида футбол, шу ой бошида эса қизлар ўртасида волейбол бўйича Яшнобод туман ҳокими кубоги зўр уюшқоқлик билан ўтказилган эди.

Куни кеча эса болалар ва ўсмирлар ўртасида яна бир ажойиб спорт байрами бўлиб ўтди. Тумандаги теннис саройида юнон-рум ва эркин кураш бўйича илк маротаба Ҳоким кубоги беллашувлари ташкил этилди. Эътиборлиси, унда нафақат яшнободликлар, балки пойтахтимизнинг барча туманларидан икки юз нафарга яқин ёш полвонлар ғолиблик учун гиламга тушдилар.

— Бу каби турнирлар янги истеъдодларни кашф этишда жуда қўл келади, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Қўлдош Асрақулов. — Келажакда халқаро мусобақаларда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчилар мана шу ёш полвонлар орасидан етишиб чиқишига шубҳа йўқ. Шундай ажойиб спорт байрамини уюштирган Яшнобод тумани ҳокимлиги ва ташкилотчиларга ҳар қанча раҳмат айтсак арзийди.

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Манба: www.yashnobodnews.uz