КЎПРИКЛАР БУНЁДКОРЛИГИМИЗ ТИМСОЛИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари кесишмасида қурилган замонавий кўприкни бориб кўрди.

Пойтахтимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, тирбандликларнинг олдини олиш, пиёдалар учун шароит яратиш мақсадида кўплаб кўприк ва йўл ўтказгичлар бунёд этилмоқда. Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари кесишмасида қурилган замонавий кўприк шулардан биридир.

Президент Шавкат Мирзиёев ғояси ва ташаббуси билан бунёд этилган ушбу иншоот қадим Тошкентнинг тарихий жозибасини сақлаган ҳолда, уни янгилаш, замонавий мегаполисга айлантириш, пировардида аҳолининг узоғини яқин қилишда жуда муҳим аҳамиятга эга.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли «Кўприк қурилиш трести» корхонаси бунёд этган йўл ўтказгичнинг умумий узунлиги 667,5 метр, шундан эстакада қисми 488,5 метр бўлиб, баландлиги 8 метр, кенглиги 24,5 метр, 21 устундан иборат. Кўприкда автомобиллар 6 қаторда ҳаракатланади. Шунингдек, 124 метрлик иккита пиёдалар ўтиш кўприги қурилди. Ногирон ва кексаларга қулайлик яратиш мақсадида уларда махсус эскалатор ўрнатилди.

Давлатимиз раҳбари бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди, қурувчилар билан мулоқот қилди.

– Мамлакатимизда кўприк қуриш бўйича ўзига хос мактаб яратилди, – деди Президент. – Ушбу кўприкни барпо этган бунёдкорларга алоҳида миннатдорлик билдираман. Бундан кейин қуриладиган янги кўприклар ҳам сифатли, жуда пухта бўлиши керак. Бунинг учун кўприксозлик бўйича илғор хориж тажрибасини ўрганиб, тажриба алмашиб боришимиз зарур. Бир сўз билан айтганда, кўприклар ҳам бизнинг бунёдкорлик тимсолимизга айланмоғи зарур.

Объект қурилишига элликка яқин техника воситаси, 250 дан зиёд ишчи-ходим жалб этилди. Йўл ўтказгични бунёд этишда 35,7 минг куб метр тупроқ, 42,6 минг куб метр бетон ишлари бажарилди. Ҳудудда ободонлаштириш ишлари бажарилиб, атроф кўкаламзорлаштирилди ва манзарали дарахтлар ўтқазилди.

Янги иншоотни лойиҳалаштиришда ёритиш тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Унга кўра, кўприкка жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган энергия тежайдиган жиҳозлар ўрнатилди.

Шу ерда давлатимиз раҳбарига пойтахтимизда ва ҳудудлардаги мавжуд кўприклар ҳолати, тизимдаги янгиликлар ва режалар ҳақида маълумот берилди. «CRAFCO» (АҚШ) компанияси ишлаб чиққан махсус техника ва ихчам механизация ёрдамида йўл ўтказгич ва кўприкларни таъмирлаш лойиҳаси намойиш этилди. Мазкур компания йўл ўтказгич ва кўприкларни мустаҳкамлаш ва фойдаланиш борасида инновацион технологияларни жорий қилишда дунёда энг илғор саналади.

Давлатимиз раҳбари лойиҳани кўздан кечириб, «CRAFCO» компаниясининг технологияларидан унумли фойдаланиш, бунинг учун мутахассислар малакасини ошириш борасида тегишли кўрсатмалар берди.

Шавкат Мирзиёев Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғини ҳам кириб кўрди. Боғни замонавий қилиб қайта қуриш, бу ерда очиқ ва ёпиқ аквапарк барпо этиш бўйича топшириқ берди. Боғдаги биронта ҳам дарахт кесилмаслиги кераклигини таъкидлади.

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА

Манба: www.yashnobodnews.uz