Мактабгача таълим ташкилотлари имконияти ўрганилди

Пойтахтимизнинг Яшнобод тумани ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов раҳбарлигида ишчи гуруҳи 55-, 557-, 558-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларига ташриф буюрди.

Ташриф чоғида ишчи гуруҳи томонидан 55-сонли мактабгача таълим маскани биноси таъмирталаб, қўшимча бино қуришга эҳтиёж мавжудлиги аниқланди. Ушбу ташкилотда айни пайтда учта ёпиқ гуруҳлари биносини қайта реконструкция қилиш орқали қамровни ошириш имкони мавжуд.

557-сонли мактабгача таълим ташкилотида ободонлаштириш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Бу ерда ёзги болалар ўйин майдончаларини тартибга келтириш ва таъмирлаш зарур.


558-сонли мактабгача таълим ташкилотида эса таъмирталаб биноларни реконструкция қилиш орқали навбатда турган болажонларни саккизта гуруҳга жалб этиш имкони туғилади.

Муҳими, ўрганишлар шуни кўрсатдики, юқоридаги таълим ташкилотларидаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш янги имкониятлар эшигини очади. Мутасаддилар бу борада қисқа фурсатда зарур чора-тадбирлар кўрилишига келишиб олишди.

Яшнобод туман ҳокимлиги Матбуот хизмати