Мактаблар қайта чирой очмоқда

Пойтахтимизнинг Яшнобод тумани ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи тумандаги 149-, 152-, 255-сонли умумий ўрта таълим мактабларида бўлиб, уларда янги ўқув йили олдидан амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Жумладан, 149-сонли умумий ўрта таълим мактабида бугунги кунда 1500 нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил олмоқда. Ўрганишлар давомида ушбу мактабнинг спорт майдони таъмирталаблиги аниқланди. Шу муносабат билан спорт майдонидан самарали фойдаланиш, ўқувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида мазкур ҳудудни ташаббускор тадбиркорга уч томонлама шартнома тузиш орқали ижарага бериш мақсадга мувофиқлиги борасида мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Ҳозирда 1700 нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олаётган 152-сонли умумий ўрта таълим мактабининг ташқи фасади, ҳожатхоналари таъмирга муҳтож. Шунингдек, бир мунча катта ҳудудга эга спорт майдонидан самарали фойдаланиш борасида аниқ таклиф ва лойиҳалар зарурлиги таъкидланди.

Тумандаги 255-сонли умумий ўрта таълим мактабида кенг кўламда реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Янги ўқув йили олдидан мазкур таълим маскани буткул янги ва замонавий қиёфа касб этиши учун барча чоралар кўрилмоқда.

Яшнобод туман ҳокимлиги Матбуот хизмати