МАХСУС ОЛИМПИАДАДАН МЕДАЛЛАР БИЛАН

Кейинги йилларда юртимизда жисмоний имконияти чекланган ва ақли заиф ўғил-қизларнинг жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланишлари, улар ўртасида спорт оммавийлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада улар орасидан сараланган умидли ўсмир ва қизлар халқаро миқёсда ўтказилаётган нуфузли мусобақалардан совриндор бўлиб қайтишмоқда.

Шу йилнинг 4 — 22 март кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби ва Дубай шаҳрида ўсмирлар ўртасида ўтказилган Махсус олимпиадада ҳамюртларимиз ҳам муносиб иштирок этиб қайтишди. Дунёнинг 170 давлати вакиллари иштирок этган ушбу нуфузли мусобақада йигирма уч нафар ўғил-қиз мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилди.

Улар орасида пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 52-сонли ихтисослаштирилган мактабнинг олти нафар ўқувчиси борлиги эътиборлидир.

Рустам Мамадиёров мураббийлигида баҳсларда қатнашган яшнободликлар спортнинг спорт гимнастикаси ва сузиш турлари бўйича ўз омадларини синаб кўришди. Мусобақа якунида спорт гимнастикасининг олти йўналиши бўйича Абдукарим Анваров 3 олтин, 2 кумуш, 1 бронза медали билан тақдирланди. Шукур Алимов 2 кумуш, 1 бронза, Акбар Рихсиев 1 кумуш, 1 бронза, Дилноза Йўлдошева эса 1 олтин, 3 бронза медалига сазовор бўлди. Озода Шамсиддинова эса кучли бешликдан жой олди.

Халқаро махсус олимпиадада муваффақиятли қатнашиб қайтган ўғил-қизлар Яшнобод туман ҳокимлиги томонидан ҳам алоҳида эътироф этилди. Туман ҳокимлигига ташриф буюрган ёш спортчиларни туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шерзод Зуфаров қабул қилди. Халқаро махсус олимпиадада муносиб қатнашган ўғил-қизларни табриклаб, уларнинг келгуси ишларига омад тилади.

Манба: www.yashnobodnews.uz