МАЪНАВИЯТГА БАРЧА МАСЪУЛ

= Шахсий фикр =
Мактабинг унутсанг, Майлига унут,
Мартабанг унутсанг, Майлига унут.
Агар унутсангчи, Она тилингни,
Заҳарга айлансин, Онанг берган сут.
А.Орипов
Республикамизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 28-йиллиги кенг миқёсда нишонланди. Шу муносабат билан республикамизда чоп этилаётган барча газеталарда тил ҳақида, ўзбек тилининг тарихи ҳақида, ўзбек адабий тили ҳақида жуда яхши илмий асосланган мақолалар чоп этилди. Тил байрами ўтди-ю газета ва журналларимизда Ўзбек миллатининг маънавиятини белгилайдиган бу мавзудаги фикрлар менимча яна камайди. Тил ҳақида гапириш ҳам бир мавсумий тадбирдек бўлиб қоляпди.
Бу соҳада бир газетхон сифатида ўзимнинг шахсий фикримни билдиришни ихтиёр этдим. Ўзбек адабий тили ҳақида жуда кўп гапирилсада, лекин ҳеч қандай ўзгариш сезмаяпман. Ўзбек адабий тили менимча фақатгина ёзма адабиёт ва газеталарда қолди холос. Ўзбекистон телевидениеси, республика театрлари, қолаверса ҳозирги ишланаётган филмлар ҳам тошкент шевасига ўтиб кетди.
Телерадиоканалларимизда бошловчилик қилаётган аксарият таниқли журналист ва санъаткорларимиз иложи борича тошкент шевасида гапиришга ҳаракат қилишади. Ўзлари тошкентлик бўлса-ку майли, улар кечирарлидур. Аммо вилоятимизда туғилиб ўсиб тошкентда ишлаб қолганларчи? Бунақанги кўрсатувлар ҳақида жуда кўп мисоллар келтириш мумкин. Айнан бир журналист ёки санъаткорни қоралаб мисол келтирмоқчи эмасман, лекин ҳаммамиз кўра билатуриб негадир лоқайдмиз. Ахир бир нарсани унутмайлик, ойнаи-жаҳонни бутун мамлакатимиз, қолаверса қўшни республикалар ҳам томоша қилишади. Телеекран олдида болалар, қариялар, ишчилар, зиёлилар, ҳар-хил тоифали инсонлар ўтирганини унутмайлик. Қолаверса томошабинни ҳам ҳурмат қилиш керак-ку. Буюк актиёрларимиздан Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурхонов, Наби Раҳимов, Олим Хўжаевларни бирор бир шевада гапирганини эшитмаганмиз. Уларнинг ижодидан ўрнак олсак бўлмайдими? Қаёққа қараб кетяпмиз ўзи?
Яна бир масала хусусида ўз фикр мулоҳазаларимни билдиришни жуда истар эдим. Улуғ бобокалонларимиз ҳазрат Алишер Навоий, Лутфий, Бобур қолаверса Машраб, Огаҳий, Муқумийлар билан ҳақли равишда фахирланамиз. Қанчалик фахрлансак арзийди ҳам. Аммо уларнинг ноёб ғазалларини неча фоиз ўзбекларимиз тўлиқ тушунар экан? Эски ўзбек тилини биладиган уни мағзини чақа оладиган адабиётчи ўқитувчиларимиз етарлими? Жуда кўп мактаб юқори синф ва коллеж ўқувчилари билан суҳбатлашаман, аксарият ўқувчилар улуғ мутафаккир шоирларимизни номини билишади, бир-иккита рубоийларини, ғазалларини ҳам билишади, суҳбат рубоийлар ёки ғазалларнинг мазмуни, моҳияти ҳақида бўлса ҳеч нарсани билмаслиги аён бўлади. Шу ўринда жуда кўп ўқитувчиларнинг ҳам бу соҳада билими саёз эканлиги билиниб қолади.
Газета ва журналларимизда “Бир ғазал таҳлили” рукнида саҳифалар қилиниб, шоирларимиз, таниқли адабиётшуносларимиз томонида мумтоз ғазалларимиз таҳлили билан бериб борилса. Ана шундай ишни газета ва журналларнинг ҳар бир сонида, доимий рукнда ташкил этилса, бир йил давомида босилган мақолалар китоб шаклида босиб чиқарилса. Ўйлайманки бир-икки йилда ҳар бир адабиёт ўқитувчиси ва адабиётга қизиқувчилар учун ажойиб қўлланма яратилган бўлар эди. Шундан ватанимиздаги барча ёшлар ҳам классик адабиётимиз билан яқиндан танишиб, ҳар-хил маза-матрасиз шерларни қўшиқ қилиб куйлаб юрган эстрада “ЮЛДУЗЛАРИМИЗ” ҳам озгина уялишармиди? Бу соҳада республикамизда мутаҳасислар етарли, уйлайманки улар ҳам хайрли ишдан ўзларини четга олмайдилар.
Юқорида баён қилинган фикрлар, бир адабиёт, санъат мухлисининг шахсий фикридир. Зотан маънавиятимизга, миллий қадриятларимизга, ўзини шу юртнинг фарзанди деб билган ҳар бир инсон бефарқ бўлмаслиги лозим.
Мақсуд АСТАНОВ,
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи
Тошкент меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар
коллежи бошланғич ташкилоти етакчиси.

Манба: www.yashnobodnews.uz