МЕҲР-ОҚИБАТ, ШУКРОНАЛИК ВА БАҒРИКЕНГЛИК РАМЗИ

Яна бир неча кундан сўнг, юртимизда Муборак Қурбон ҳайити кенг нишонланади. Куни кеча пойтахтимизнинг Яшнобод тумани ҳокимлигида ўтказилган йиғилиш ана шу улуғ айёмни юксак савияда ўтказиш масалаларига бағишланди.

Тадбирни туман ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов очди ва олиб борди. Жумладан, Хожиакбар Камолиддинович байрамолди ҳозирликлари ҳақида тўхталаркан, туман ҳокимлиги Республика фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси туман бўлими, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Қурбон ҳайитининг жойларда юқори савияда, халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтиши учун зарур чоралар кўрилишини таъкидлаб ўтди.

— Туманимиздаги мавжуд саккизта жомъе масжидларида мусулмон биродарларимизнинг намоз ибодатларини бекаму-кўст амалга оширишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган, — дейди туман имом-хатиби Фазлиддин Оллаёров. — Муборак Қурбон ҳайитининг маънавий ҳаётимиздаги ўрни, моҳияти ва аҳамиятини, халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, шукроналик ва бағрикенглик рамзи эканини эътиборга олиб ҳамда миллий-диний қадриятларимизни асраш ва улуғлаш мақсадида 11 август санасининг Президентимиз томонидан байрам куни деб белгиланганидан беҳад мамнунмиз. Юртимиз осмони доимо мусаффо, мамлакатимиз Мустақиллиги абадий бўлсин деб ҳамиша дуо қиламиз. Тарихга назар солсак, халқимиз азал-азалдан бирор-бир оилавий маросимларни ўтказишда хонадони, ҳовли ва кўчаларни тартибга келтириб, сарамжон-саришта қилишга асосий эътиборни қаратиб келган. Муборак Қурбон ҳайитига юртимизнинг улуғ ва энг азиз бўлган Мустақиллик байрамининг 28 йиллиги шодиёналари ҳам уланиб кетади. Шундай экан, бу каби ободонлаштириш, ҳовли ва кўчаларимизни тартибга келтириш, ён атрофимиздаги уй-жойи таъмирталаб, қурби етмаётган қўни-қўшниларимизга кўмаклашиш, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган ногирон, якка-ёлғиз ва боқувчисини йўқотганларга хайр-саховат кўрсатиш ҳар бир юртдошимизнинг қалб амри ва виждонига айланмоғи лозим.

Йиғилишда барча секторлар раҳбарлари, халқ таълими, мактабгача таълим бўлимлари, тиббиёт бирлашмаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман маҳаллий кенгаши ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари иштирок этишди.

Манба: www.yashnobodnews.uz