МУАММОЛАР ЎРГАНИЛИБ ЕЧИМИНИ ТОПМОҚДА

Пойтахтимизнинг Яшнобод тумани ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов жойларда сайёр қабул ўтказиш билан биргаликда ҳокимлик биносида ҳам аҳолини қабул қилиш ва уларни тинглаб, қийнаб келаётган ва ўйлантираётган муаммоларга ечим топишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Жумладан, куни кеча туман раҳбари навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказди.

Унда аҳолининг 15 та мурожаатлари тингланди. Фуқаролар билан ўзаро мулоқот чоғида, шунингдек, туман ҳокими ўринбосарлари, соҳа ва тармоқлар мутасаддилар ҳам иштирок этишди. Эътиборлиси, мурожаатларнинг аксарият қисмини уй-жой масаласи, ички йўлларни таъмирлаш, меҳнат ва бандлик, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш каби масалалар ташкил этди.

Туман ҳокими Хожиакбар Камолиддинович ҳар бир фуқаронинг мурожаатини диққат билан тинглар экан,  мутасадди ва мутахассисларни муаммолар ечимини топишга масъулият билан ёндошишга чақирди.

Фуқаро Музаффар Ҳасанбоев яқинда касб-ҳунар коллежини тамомлаган. У ўз хонадонида тикиш-бичиш цехи очишни режалаштирганлигини, банкдан кредит олишга туман ҳокимлигидан кўмак сўраб келганлигини билдирди. Ҳоким бу борада амалий ёрдам беришга тайёрлигини билдириб, шу ернинг ўзида туман ҳокимлиги иқтисодий мажмуа бош мутахассиси Улуғбек Баҳромовга ушбу масалани 10 кун ичида ҳал қилиб бериш бўйича топшириқ ва кўрсатмалар берди.

Яна бир фуқаро Зуҳра Илёсова эса анчадан бери ишсиз эканлигини билдирди. Бу борадаги масала туман Бандликка кўмаклашиш маркази мутасаддилари томонидан ўрганилиб, мурожаат ижобий ҳал этилди. Фуқаро тез орада ўзига маъқул келган корхонада иш бошлайдиган бўлди.

Шу куни турли масалаларда қабул қилинган учта мурожаат жойида ҳал этилди. Қолган мурожаатларни тезкорлик билан қонун доирасида ҳал этиш борасида тегишли мутасадди ва масъулларига топшириқ берилди.

Манба: www.yashnobodnews.uz