Она тилим – фахрим, ифтихорим!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 20 октябрдаги ПФ-6084-сон фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Савдо, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларига ном беришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2021 йил 16 мартдаги 144-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил 18 май куни ишчи гуруҳ томонидан Яшнобод тумани ҳудудидаги “Янгиобод” деҳқон бозори, Оҳангарон Шоҳ кўчаси бўйлаб жойлашган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчаларида, Оҳангарон марказий кўчасининг муюлишидаги Чўлпон кўчасида жойлашган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчаларида давлат тилининг ижроси юзасидан  ўрганиш ишлари ўтказилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонунининг 20-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан тегишли вакилларга тушунтириш ишлари олиб борилди. Ўрганишда Яшнобод тумани ҳокими маслаҳатчиси О. Бекмуродова,  ВМ хузуридаги ўзбек тилини ривожлантириш жамгармаси мутахассиси Г. Туйчиева иштирок этди.

Ишчи гуруҳ томонидан, фаолият юритаётган жисмоний ва юридик шахслар билан давлат тилида иш юритиш борасида тушунтириш ишлари олиб борилди. Махсус тадбир давомида, ноқонуний қурилмалар, шунингдек, хорижий тиллардаги реклама ҳамда имло хатолар билан ёзилган ҳар қандай ахборот матнларига ишчи гуруҳ томонидан қонун доирасида зарур чоралар кўрилди.

Шундан давлат тилига доир қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида, 10 га яқин тадбиркорлик субъектларида аниқланган камчиликлар юзасидан огоҳлантириш хатлари берилди.

Ўрганишлар давомида Оҳангарон марказий кўчаси, Чўлпон кўчасида жойлашган бинолар ва унинг атрофидаги реклама, пешлавҳа ва баннерларнинг давлат тили тўғрисидаги қонун талабларига мос тарзида расмийлаштирилганлиги хатловдан ўтказилиб камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилди.

Хусусан, ишчи гуруҳ томонидан 14-21 апрель кунлари жами 227 та ташқи ёзувлар ўрганилган эди. Ўрганиш ва таҳлил натижаларига кўра ташқи ёзувларнинг 171 та (58,2%) си давлат тилида ёзилгани, 56 та (41,8%) си ўзгартирилиши белгиланган. Олиб борилган тушунтириш ва тарғиботлар натижасида 82 та ташқи ёзувнинг 28 та (53,4%) сини қисқа муддатларда ўзгартиришга ва уларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилиб, ўрнатилишига эришилди. Ҳозирда қолган 44 та (46,6 %) ташқи ёзувларни давлат тилида расмийлаштириш ва ўрнатиш бўйича ташкилот ва савдо дўконлари эгаларига тавсиялар билан бир қаторда, Яшнобод тумани ҳокимлигининг огоҳлантириш хатлари тақдим этилди.