ОҚ ЙЎЛ СИЗГА, ЙИГИТЛАР!

Бугунги кунда мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ёшлар ўртасида муддатли ҳарбий хизмат обрўсини ошириш ва мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 12 декабрдаги «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ муддатли ҳарбий хизматга танлов асосида олиш тартиби такомиллаштирилиб, самарали тизим йўлга қўйилди. Бу Қуролли Кучлар шахсий таркибини жисмонан соғлом ва интеллектуал салоҳиятли ёшлар билан тўлдириш имконини бермоқда.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил  13 январдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бугун йигитларимиз ўз йигитлик бурчини ўташ учун ҳарбий хизматга отланмоқдалар.

Куни кеча Яшнобод туман мудофаа ишлари бўлимининг махсус синовларидан муваффақиятли ўтган 167 нафар йигит ҳарбий хизматга йўл олди. Бу фарзандларимиз чақирув мавсумида жисмоний тайёргарлик ва тест синовларидан етарли балл тўплаб, муддатли ҳарбий хизматга муносиб топилганлиги барчамиз учун қувонарлидир.

Ҳарбий хизматга ёшларимизнинг қизиқиш ва интилиши тобора ортиб, Ватан ҳимоячиси бўлиш шон-шараф ишига айланганидан қалбимиз фахр-ифтихорга тўлади. Замонавий қурол-яроғ ва техника, етук ҳарбий мутахассислар билан таъминланган Қуролли Кучларимизни барпо этиш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашда юксак самаралар бермоқда.

Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик халқимизнинг энг катта бойлигидир. Албатта, буни таъминлашда Ўзбекистон Қуролли Кучларининг алоҳида ўрни бор.

– Бугун беҳад хурсандман, — дейди Толибжон Исроилов. — Айниқса, эгнимда аскарлик либосини кўрган ота-онам, яқинларим қувончини кўриб кучимга куч қўшилди. Ватан ҳимоячилари сафига қўшилаётганимдан фахрланаман.

Фурсатдан фойдаланиб, бугун эзгу ният билан ҳарбий хизматга отланаётган йигитларимизга оқ йўл тилаб, уларнинг Ватан олдидаги бурчларини садоқат ва матонат билан ўташларига тилакдошмиз.

Манба: www.yashnobodnews.uz