ПОЙИ ҚАДАМИНГДАН АЙЛАНАЙ, НАВРЎЗ!

Баҳор келиши билан юртимизда байрамлар бошланади. Уйғониш фаслида жисму жонимиз яшнаш, яшариш ишқида ёнмоқда.

Куни кеча Яшнобод туманидаги Тошкент меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар коллежида ҳам Наврўзи олам зўр шодиёна билан байрам қилинди. Тадбирда таълим маскани Ўзбекистон ёшлар иттифоқи коллеж бошланғич ташкилоти етакчиси Мақсуд Астановнинг ташаббускорлиги сезилиб турди.

Байрамда коллеж ўқитувчилари ва ўқувчилари фаол иштирок этишди. Таълим даргоҳи биринчи курс ўқувчилари ўз гуруҳлари раҳбарлари билан маслаҳатлашган ҳолда мамлакатимиз вилоятлари урф-одатларини ўзида акс эттирган композициялар, тансиқ таомларини тайёрлашди ва йиғилганлар ҳукмига ҳавола қилдилар.

Коллежнинг битирувчилари эса миллий таомимиз — ош танловини ўтказишди. Танловни таниқли ошпаз, Ўзбекистон ошпазлари уюшмаси вакили Баҳриддин Чустий бошчилигидаги мутахассислар баҳолаб боришди.

Байрамда ўқувчилар томонидан тайёрланган дилрабо куй ва қўшиқлар барчада илиқ таассуротлар қолдирди.

Манба: www.yashnobodnews.uz