ПРЕЗИДЕНТИМИЗ МАРҲУМ АНВАР ҚОРИ ТУРСУНОВ ХОНАДОНИГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Жорий йил 13 июнь куни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов оғир хасталикдан сўнг вафот этган эди. 

Президентимиз Рамазон ҳайити куни ушбу диний уламо хонадонида бўлиб, оила-аъзоларига таъзия изҳор этди. Қуръон тиловат этилиб, марҳумнинг ҳақига дуо қилинди.

Анвар қори Турсунов ҳар доим халқнинг дарду ташвиши билан яшаган, уларга тўғри йўл кўрсата олган мард ва фидойи инсон эди. Ўзининг фақатгина панду насиҳатлари билан эмас, ҳаёти билан ҳам одамларга ўрнак бўлган. Барчамиз бундай уламоларимиз билан фахрлансак арзийди, деб эслади давлатимиз раҳбари.

Анвар қори Турсунов Қўчқорович 1958 йил 21 ноябрда Тошкент шаҳри Яшнобод (собиқ Ҳамза) туманида хизматчи оиласида туғилган.

1966-1976 йилларда Яшнобод туманидаги 198-умумтаълим мактабида таҳсил олган.

1981 йил Тошкент давлат университетининг филология факультетини, 2001 йил Тошкент ислом институтини тамомлаган.

Анвар қори Турсунов оммавий ахборот воситалари орқали доимий чиқишлари, диний мавзудаги маърузалари билан халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган уламо эди.

Шунингдек, Анвар қори Турсунов 1989-1992 йилларда Қуръони каримнинг биринчи таржимасига (Шайх Алоуддин Мансур таржимаси) муҳаррирлик қилган.

Умар Асроров, ЎзА

Манба: www.yashnobodnews.uz