Расмий муносабат

Президентнинг “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини 2022-2026 йилларда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳасига асосан, 2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар ва 2022 йилнинг манзилли рўйхати, молиялаштириш манбалари ҳамда параметрлари белгиланганди.

2022 йил “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 413 та қишлоқ ва маҳаллаларда жами 41 мингдан зиёд якка тартибдаги, 594 та кўп-қаватли уй-жойлар таъмирланади ва атрофи ободонлаштирилади, 3 882 км ичимлик суви, 4 832 км йўллар, 385 км ички ирригация тизимлари янгидан қурилади ва таъмирланади, 529 км пиёда йўлаклари, 1319 км алоқа тармоқлари қурилади, 2 745 км электр ва 370 км газ тармоқларида реконструкция қилиш ишлари олиб борилади, 5 289 дона газ баллонлари аҳолига етказиб берилади, 545 та ижтимоий соҳа объектлари, жумладан, 138 та мактабгача таълим ташкилоти, 266 та умумтаълим мактаблари, 137 та соғлиқни сақлаш муассасалар ва 4 та маданият марказлари янгидан қурилади, реконструкция қилинади, мукаммал ва жорий таъмирдан чиқарилади, 249 та маҳалла биноси ва гузарлари, 882 та бозор инфратузилмаси объектлари, 110 та автобус бекатлари барпо этилади ва мавжудлари таъмирдан чиқарилади, 738 та чиқиндихона ва янги модуллар, 85 та суғориш қудуқлари ўрнатиш ишлари амалга оширилади, 266 минга яқин дарахт кўчатлари экилади.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла”  дастурларини 2022 йилда амалга ошириш учун жами 5,3 трлн сўм, шундан республика бюджети маблағлари ҳисобидан ички йўллар ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 3,0 трлн сўм, ижтимоий соҳа ва бошқа объектларни қуриш-таъмирлаш ишлари учун маҳаллий бюджет ва унинг қўшимча манбалари ҳисобидан 1,4 трлн сўм, инфратузилма объектлари учун тармоқ корхоналари маблағлари ҳисобидан 308 млрд сўм ҳамда уй-жой фондини яхшилаш ва ободонлаштириш мақсадлари учун бошқа манбалар ҳисобидан 594 млрд сўм сарфланади.