РАҲБАРЛИК — МАСЪУЛИЯТ ДЕГАНИ

Ҳоким бўлиш осонми? Бу саволга ҳар ким турлича жавоб беради. Кимдир уларни ходимларига иш буюриб, ўзлари муздеккина хонада қаҳва ичиб ўтиради, деб ўйласа, баъзилар асаларидек тиним билмайди, деб ҳисоблайди. Чунки ҳамма ҳам бу ҳақида маълумотга эга эмас. Аслида эса қандай? Бу саволга Яшнобод тумани ҳокими Дилмурод Турдиев билан кун давомида бирга юриб, жавоб изладик.

Обод маскан бўйлаб
— Ишни саҳарлаб кўчаларни пиёда сайр қилишдан бошлайман, — дейди Д.Турдиев. — Бу соғлиқ учун ҳам кони фойда. Қолаверса, туманда бўлаётган ишлар, қурилиш объектлари, аҳоли турар жойларини ҳам кўздан кечираман. Оппоқ тонгда камчиликлар тезда кўзга ташланади.
Кўча бўйидаги гулларга тикилиб, майсалар орасига кириб кўраётган ҳоким бод-бод “Ободонлаштириш” бошқармасига қўнғироқ қилади. Бир жойда майса ўсгани, бошқасида ахлат, гулларни суғориш керак эканини айтиб, таъмирланаётган биноларга ҳам бир-бир кўз ташлайди. Буни кўриб қадим замонларда ҳукмдорларнинг юпун кийимда шаҳар кезгани ҳақидаги ҳикоялар бежиз эмас, деган хаёлга борасан, киши. “Мўйноқ” кўчасидан ўтаётганимизда ҳоким катта йўлнинг бў¬йига қуриб олинган дўконга эътиборимни қаратди.
— Буни қаранг, мана шу дўкон кеча йўқ эди — дея бош чайқади ҳоким. — Баъзи тадбиркорлар ҳеч қандай хат-ҳужжатсиз, ўзбошимчалик билан иш бошлайди. Олиб ташлангандан сўнг, тадбиркорга кун йўқми, дея тўс-тўполон кўтаради. Кошки, уни қатновга халал беришини тушунтира олсангиз. Мана бу ерда “Замонавий маҳалла” намунавий лойиҳаси асосида гузар қурилиши керак эди. Бироқ тадбиркор объектни бошладию, давом эттирмади.
“Мўйноқ” кўчасидан тўғри ўтиб, “Олмос” маҳалласига йўл олдик. Яқинда фойдаланишга топширилган ҳарбийлар шаҳарчасини кўздан кечирдик. У ерда ўн саккизта кўп қаватли уй саккиз ойда қад кўтарган. Аҳоли эҳтиёжини қондириш учун мактаб, савдо ва хизмат кўрсатувчи бошқа шохобчалар қурилиши режалаштирилмоқда. Кўкаламзорлаштирилаётган гўша, кейинчалик бундан-да чирой очиши турган гап. Ҳозир ушбу хонадонларга оилалар кўчириб ўтказиляпти. Уларнинг қувончи чексиз.
Пойтахтимиздаги бунёдкорлик ишларидан Яшнобод тумани ҳам четда қолмаган. Тошкент шаҳар бўйлаб қурилаётган, Марказий Осиёда ягона бўлган ер усти метроси, айнан шу ҳудуддан бошланади. У ерда айни дамда қурилиш ишлари қизғин.
Туман ҳокими “Олмос”дан йўл қурилиши штаби томон йўл олди. Бу ерда лойиҳа бўйича ҳокимиятга юклатилган вазифаларни тинглаб, тезда ишга киришишини билдирди. Лойиҳа бўйича бузилиши керак бўлган тадбиркорлик объектлари эгалари билан суҳбатлашишга ваъда берди.
Штаб аъзоларига қурилиш ишлари аҳолининг кундалик турмушига зиён келтирмаслигини уқтирди. Халқнинг норозилигига сабаб бўлаётган камчиликлар хусусида сўз юритди. Йиғилишда кундалик иш режалари қатъий белгилаб олинди.

Бирингиз отам, бирингиз онамсиз
Ҳокимнинг айтишича, 2021 йил қуриб битказилиши режалаштирилган ер усти метроси лойиҳаси бўйича тумандаги баъзи тадбиркорлик объектлари кўчирилиши зарур экан. Раҳбар ушбу жойларнинг эгалари билан суҳбатлашди. Аввало, лойиҳанинг мамлакатимиз тараққиётидаги ўрни ва аҳоли учун яратадиган қулайликлари ҳақида сўзлади. Уларнинг “Биз — эркин фуқаромиз. Ўз маблағимизга иш ¬бошлаганмиз. Нега жо¬йимизни тортиб оляпсиз?” ¬деган саволига жавоб берди. Ҳеч бир тадбиркор кўчада қолмаслиги, истаган бўш ҳудудда фаолиятини давом эттириши учун шароит яратилишини тушунтирди. Ҳоким сўзининг охирида шундай деди: “Барчангиз жигарим — бирингиз онам, бирингиз отам бўласиз. Сиз учун фақат яхшиликни кўзлайман…”.
Тадбиркорлар Дилмурод Турдиевнинг сўзларини тинглаганидан сўнг улардаги норозилик кайфиятидан асар ҳам қолмади.

Дипломат бўлмасанг натижага эришолмайсан
Айни пайтда Яшнобод туманида “Корея маданият маркази” қурилмоқда. Бу маскан келгусида икки мамлакат тотувлигининг рамзига айланса, не ажаб. Ҳоким бу ердаги қурилиш ишлари билан танишиб, кореялик дўстларимизга қўлдан келганча ёрдам беришини билдирди. Шундан сўнг, Оҳангарон шоҳ кўчаси ва “Махтумқули” кўчаси кесишувидаги кўприк лойиҳасини кўздан кечирди. Туманда қурилаётган “Корея кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази” билан кўприк қурилиши бўйича тушунмовчиликни бартараф этди. Марказни қураётган кореялик инвесторларга икки ло¬йиҳа, умуман, бир-бирига халақит бермаслигини тушунтирди.
— Инвесторлар билан ишлашда дипломат ва ишбилармон бўлмасанг қийин, — дейди ҳоким. — Улар билан дўстона алоқа ҳар томонлама фойдали. Яқинда америкалик 200 нафар туристни мамлакатимизга таклиф қилдим. Ҳозир улар қадимий Самарқанд шаҳрида саёҳат қиляпти. Эртага уларга туман тадбиркорлари томонидан тайёрланган маҳсулотларни намо¬йиш қилмоқчимиз. Боиси меҳмонлар қадоқланган қуруқ меваларимизга катта қизиқиш билдирган. Ажаб эмас, экспорт бўйича салмоқли шартномани қўлга киритсак.

Яшнобод яшнаб кетади
Ҳудудларда секторлар бўйича ҳам жадал ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Биринчи сектор бошлиғи Яшнобод туман ҳокимига ўн тўққизта маҳалла бириктирилган. “Обод қишлоқ” дастури доирасида Тошкент шаҳар ҳокимининг “Обод маҳалла” дастури тасдиқланган. Унга кўра биринчи сектордаги “Дилбоғ” маҳалласида бунёдкорлик ишлари режалаштирилган. Куннинг иккинчи ярмида сектор масъуллари билан “Дилбоғ”ни замонавий маҳалла қилиш бўйича фикр алмашди. Ободонлаштириш ишлари ва унга ажратиладиган маблағ муҳокама қилинди. Ҳисоб-китобларга кўра лойиҳа бўйича етти ярим миллиард сўм сармоя зарур экан.
— Бундай маҳаллалар юртимиз кўркига-кўрк қўшади, — дейди Дилмурод Турдиев. — Лойиҳа орқали аҳолининг яшаш шароитидан мамнун бўлишига эришамиз. Яшнобод тумани бош лойиҳаси германиялик мутахассислар билан ҳамкорликда яратилган. Агар у тасдиқланиб, инвесторлар жалб қилинса, ҳолат буткул ўзгариб кетади. Ҳудуддаги баъзи муаммолар ҳам ўз ечимини топади. Ҳозир лойиҳа бўйича тизимли ишлар кетяпти.
Ҳоким кун давомида ҳар дақиқасидан унумли фойдаланиб, фуқаролардан келадиган хатлар билан танишди. Ҳар бир мурожаат бўйича ходимларига алоҳида топшириқ берди.
Ҳоким билан бирга юриб, раҳбарлик заҳматини тотиб кўрдик. Ҳа, бундай масъулият билан ишлаш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Дилмурод ака Яшнобод туманида иш бошлаганига атиги бир йилдан ошибди. Шунга қарамасдан, у кишининг меҳнати самараси кўзга ташлана бошлаган.
Санжар ЭШМУРОДОВ
Манба: www.yoshlarovozi.uz