САВОБ ИШНИ ҲАР КИМ ҲАР КУНИ ҚИЛИШИ КЕРАК!

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 77-сонли ихтисослаштирилган кўзи ожизлар мактаб-интернатида бугунги кунда 369 нафар ўқувчи рус ва ўзбек тилларида таълим олмоқда. Мазкур даргоҳда  115 нафар ўқитувчи ва мураббийлар фаолият юритади.

Куни кеча “Кўнгил кўзи” лойиҳаси доирасида мактаб-интернатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан компьютер маркази ўқувчиларга тақдим этлди. Компьютер марказида 20 та моноблок бўлиб, мазкур копьютерлар  кўзи ожиз ўқувчилар фойдаланиши учун барча керакли дастурлар билан таъминланган. Шунингдек, мазкур компьютер марказидаги компьютерларга уч юзга яқин бадиий ва қўшимча адабиётлар аудио шаклда жойлаштирилган бўлиб, ўқувчиларни дарсдан бўш вақтларида фойдаланиш учун имконият яратилди.

— Агентлигимиз томонидан «Ko‘ngil ko‘zi» лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳридаги кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб интернатида махсус жиҳозланган инновацион компьютер маркази ташкил этилди, — дейди Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева. — Ушбу марказ кўриш имконияти чекланган болалар учун замонавий коммуникацион билимларни эгаллаш, бутунжаҳон интернет тармоғидан фойдаланиш кўникмаларини, китобхонлик маданиятини шакллантиришга хизмат қилади. Агентлигимиз томонидан тақдим этилган компьютерлар мактаб ўқувчилари имкониятларига мослаштирилган. Яъни, экранда нутқ интерфейслари орқали махсус ўқиш дастури ёрдамида матн блоклари, ёрлиқ номлари ва меню бандлари овозли эшитилади.

Бундан ташқари, ушбу компьютерлардаги 300 дан ортиқ аудиоматериаллар кўриш имконияти чекланган ўқувчиларнинг китобхонлик кўникмаларини шаклланишида муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Бугун ана шу компьютер марказининг тантанали очилиш маросимини ўтказиб, махсус мактаб интернат ихтиёрига топширдик. Севимли адибимиз Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романининг аудио талқинини мактаб фондига совға қилдик.

Ишонаманки, ушбу мактаб ўқувчилари яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган кадрлар бўлиб етишади.

Марказнинг тантанали очилиш тадбирида ўқувчилар учун байрам дастурхони ва таниқли санъаткорлар иштирокида байрам дастури ташкил этилди.

Манба: www.yashnobodnews.uz