САЙЛОВДА МУНОСИБЛАР ИШТИРОК ЭТИШАДИ

Фуқаролар йиғинлари раисларининг ваколат муддати 2019 йил май ойида тугаши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилнинг май ойида ўтказиладиган сайловда пойтахтимизнинг Яшнобод туманида 58 нафар фуқаролар йиғини раиси сайланиши белгиланган.

Ҳозирда туманда сайловни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгашида сайловга оид маълумотларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича туман комиссияси тузилди.

Бўлажак сайлов қонунга киритилган янги ўзгартиришлар, янги меъёр ва янги тартиб қоидалар асосида ташкил этилмоқда. Шунга мувофиқ бу йил маҳалла раислари яширин овоз бериш йўли билан уч йил муддатга сайланади. Фуқаролар йиғини раиси сайлаб олингач, бир ой муддатда маслаҳатчиларни сайлайди.

Шу кунларда Яшнобод туманида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика Кенгашининг 2019 йил 18 март куни 2-сонли баёни билан Фуқаролар йиғинлари раислигига тавсия этилаётган номзодларни саралаб олиш юзасидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида номзодлар билан суҳбатлар ўтказилмоқда.

Манба: www.yashnobodnews.uz