САЙЛОВ ЯКУНЛАРИГА БАҒИШЛАНДИ

Пойтахтимизнинг “Оазис-Асака” меҳмонхонаси мажлислар залида Халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгашининг еттинчи сессияси бўлиб ўтди.

Йиғилишни Кенгаш раиси, туман ҳокими Дилмурод Турдиев очди ва олиб борди.

Хабарингиз бор, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2018 йил 31 майдаги “Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг бўшаб қолган сайлов округларида депутатлар сайловини ўтказиш тўғрисида”ги 319/37-5 – сонли қарорига ҳамда Халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгашининг 2018 йил 30 майдаги 42/1-6 – сонли қарорига асосан 34-Авиасозлар ва 18-Парвоз округларида бўшаб қолган депутатлар ўринларига сайлов шу йилнинг 1 июль, якшанба куни ўтказилди.

Шу муносабат билан сессиясида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг ва Халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгашининг бўшаб қолган сайлов округларида бўлиб ўтган депутатлар сайлови якунлари тўғрисида туман сайлов комиссияси раиси ўринбосари Муаттар Абдуллаеванинг ахбороти тингланди.

Унга кўра, 34-Авиасозлар округида 16 та сайлов участкалари ташкил этилиб, у ерда овоз берувчи фуқаролар учун барча қулай шароитлар яратилди. Жами 16 сайлов участкасида ўтган сайловда жами 24565 сайловчидан депутатликка номзодларни ёқлаб 20995 фуқаро қатнашди, бу сайловчиларнинг умумий сонидан 85,5 фоизни ташкил этди.

18-Парвоз округида 2 та сайлов участкаси ташкил этилиб, жами 6069 сайловчидан депутатликка номзодларни ёқлаб 4600 фуқаро қатнашди, бу сайловчиларнинг умумий сонидан 75,8 фоизни ташкил этди.

Сайлов участкаларининг иккитаси ҳам Яшнобод туманидаги 61-сонли умумий ўрта таълим мактаби биносида ташкил этилди.

Шундан сўнг, туман бюджети ижроси, шунингдек, ҳудудларнинг салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда маҳаллий бюджетларнинг даромадларининг қўшимча манбаларини шакллантириш ҳамда қўшимча манбалардан фойдаланиш йўналишлари, жумладан, маҳаллий бюджетлар даромадларини оширишнинг аниқланган резервлар тўғрисида туман молия бўлими бошлиғи Бадриддин Низомиддиновнинг ҳисоботи тингланди.

Сессияда келгусида Яшнобод туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар, шунингдек, бу борада белгиланган режа ва чора-тадбирлар хусусида сўз юритилди.

Манба: www.yashnobodnews.uz