СОҒЛОМ АЁЛ — ЖАМИЯТ БОЙЛИГИ

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида “AYOL CARE” аёлларни репродуктив соғломлаштириш марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Қисқа фурсатда “AYOL CARE” масъулияти чекланган жамияти томонидан 0,56 га ҳудудда барпо этилган мазкур мажмуа Марказий Осиёда ягона саналади. Замонавий ва кўркам иншоот Германия, Корея, Япония каби мамлакатларнинг энг машҳур компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган тиббиёт ускуналари ва техникалари билан жиҳозланган. Марказ фаолиятини йўлга қўйиш учун 45 миллиард сўмлик маблағ йўналтирилди ва саксон нафар мутахассис иш билан таъминланди. Соғломлаштириш маркази бир кунда юз нафаргача беморга хизмат кўрсатиш қувватига эга.

— Охирги уч йилда мамлакатимизда хусусий тиббиёт ривожи учун кенг йўл очилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов. — Бугунги кунда улар сони 5300 дан ортгани фикримиз далилидир. Эътиборлиси, хусусий сектор томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар тури 50 тадан 126 тага кўпайди. Улар 2022 йилнинг 1 январигача барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмаларни тўлашдан, шунингдек, олиб келинадиган янги тиббий асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва зарур материаллар учун божхона тўловларини тўлашдан озод этилди. Бу каби имкониятлар натижасида сўнгги икки йилда 1650 хусусий тиббиёт муассасаси фаолияти йўлга қўйилди. Бугун юртимизда юқори технологияга асосланган яна бир марказ иш бошлаётгани ғоят қувонарлидир. Биз “AYOL CARE” юртимизнинг бошқа ҳудудлари, ҳатто қўшни мамлакатларда филиаллари очилишига, нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда энг илғор муассасага айланишига ишонамиз.

Шифохонада гинеколог, кардиолог, терапевт, невропатолог, эндокринолог каби ихтисосликлар бўйича етук олимлар ва малакали шифокорлар хизмат кўрсатади. Марказдаги жарроҳлик хоналари ва тиббий асбоб-ускуналар халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради. Хусусан, рентген ва маммограф, эндоскоп, гинекологик ва автоматик ўриндиқ ва кольпоскоп, автоматик режимдаги лаборатория жиҳозлари, плазмали стерилизатор ускуналари ёрдамида барча турдаги жарроҳлик амалиётларини муваффақиятли ўтказиш имконияти яратилган.

Эътиборлиси, бу ерда аввало, жарроҳлик операциялари онлайн режимда телемединация ускунаси орқали амалга оширилади. Марказ масофавий услубда хорижий давлатлар, жумладан, Россия, Исроил, Жанубий Корея, Германиядан мутахассислар жалб этган ҳолда мамлакатимиз бўйича консультациялар ва маҳорат дарслари ташкил этади. Аёлларни репродуктив соғломлаштириш соҳасида илмий-услубий марказ сифатида иш олиб боради.

Манба: www.yashnobodnews.uz