“ТАШАББУС КАРВОНЛАРИ” — БАРЧАГА БАЙРАМ КАЙФИЯТИ УЛАШДИ

Бугунги кунда пойтахтимизнинг Яшнобод туманида 29 та умумий ўрта таълим мактаби ҳамда учта махсус ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар мавжуд.

Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижроси доирасида “Прeзидeнтимиз ташаббусига ташаббус билан жавоб бeрайлик” шиори остида мазкур таълим муассасалари кутубхоналарига адабий-бадиий китоблар, тўгараклар учун — чолғу асбоблари, тикув машиналари тантанали равишда топширилди.

Мактаб ўқувчилари учун унутилмас дамларни туҳфа қилган тантаналарда Яшнобод туман ҳокими ўринбосари Шерзод Зуфаров, туман прокурори Олимжон Азимов иштирок этди.

Ҳар бир таълим муассасасида китоб ва бошқа жиҳозларни топшириш ўзига хос байрамга айланиб кетганлиги эътиборлидир. Байрам тадбирларида сўзга чиққан ўқувчи-ёшлар Президентимиз совғаси ва ғамхўрлигига жавобан келгусида етук кадрлар бўлиб етишишга сўз бердилар.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, шаҳар прокуратураси, халқ таълими бош бошқармаси билан ҳамкорликда “5 та муҳим ташаббус, 5 та имконият карвони” шиори остида тадбир ташкил этилди. Унда тадбир иштирокчилари китоблар ва тўгарак анжомларини туманимиздаги таълим масканларига етказишди.

Президентимиз иштирокида бўлиб ўтган 2019 йил 19 мартдаги мажлисда ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, ҳотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига қаратилган 5 та муҳим ташаббус илгари сурилган эди.

Мактабларимиздаги устоз-мураббийлар, ўқувчи-ёшлар қувончини фотолавҳалардан ҳам билиб олишингиз табиий.

Манба: www.yashnobodnews.uz