ТУМАН ҲОКИМИ ВА БОШҚА РАҲБАРЛАР МАКТАБЛАРДА ДАРС ЎТДИ

Шу йилнинг 23 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселекторда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда бошқа раҳбарлар мактабларга бориб, дарс бериш тартибини жорий этиш вазифаси топширилганди. Бундан ташқари, мактабларда «вазир соати», «тадбиркор ва банкирлар сабоғи» каби дарс амалиётларини жорий қилиш лозимлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Бунга жавобан пойтахтимизнинг Яшнобод туман ҳокимлиги томонидан қисқа фурсатда туман ҳалқ таълими билан ҳамкорликда ўрта мактабларда туман ҳокими, прокурор, ички ишлар бошлиғи, ҳоким ўринбосарлари ўтадиган дарс жадваллари тайёрланди.

Туман ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов “Олмос” маҳалласида жойлашган 23-сонли ўрта мактабга ташриф буюрди. Хожиакбар Камолиддинович мактабнинг 9 “А”-синфи ўқувчиларига “Мустақиллик дарси”ни ўтди.

 

Туман ҳокими «Мустақиллик дарси»да кўзи ёниб турган ўғил-қизларга мамлакатнинг эртаси, бугунги олиб борилаётган ислоҳотларнинг давомчиси ва буюк аждодларнинг муносиб авлоди, жаннатмакон юртнинг ҳақиқий меросхўри экани ва улар учун барча шарт–шароитларни яратиш барчанинг зиммасидаги муқаддас бурч ва вазифа эканлигини таъкидлаб ўтди. Айниқса, Хожиакбар Тиллашайхов дарс давомида мамлакатимизда келажак авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратилаётгани, “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури моҳияти, Президентимизнинг беш муҳим ташаббусини амалга оширишда кўзлаган мақсадга аҳамият қаратди.

Шунингдек, туман прокурори Олимжон Азимов 69-сонли, туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Атамурат Аҳмедов 30-сонли, туман ҳокими ўринбосари Лазизбек Темиров 307-сонли умумтаълим мактабларида ўқувчиларга дарслар ўтишди.

Манба: www.yashnobodnews.uz