ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ЯШНОБОД ТУМАН КЕНГАШИ СЕССИЯСИДА

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 17-сонли мусиқа ва санъат мактаби мажлислар залида Халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгашининг йигирма учинчи сессияси бўлиб ўтди.

Тадбирни туман ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов очди ва олиб борди.

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсадлар доирасида Яшнобод туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари зиммасига муҳим вазифалар юклатилди.

Олий Мажлис, маҳаллий депутатлик корпуси ҳамда жамоат ташкилотлари фаолиятининг устувор йўналиши эса мазкур вазифалар ижроси юзасидан таъсирчан парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини таъминлашдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги 4102-сонли “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича шу йилнинг 8 — 19 август кунлари уйма-уй юриб аҳоли муаммоларини аниқлаш, ижтимоий соҳа ва бошқа объектларни ўрганиш ва уларни куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи Яшнобод туманида бўлганди. Сессияда мазкур Республика ишчи гуруҳ раҳбари Абдуҳалим Халмахаматовнинг ахбороти эшитилди.

Тумандаги мавжуд муаммолар монитор орқали фото ва видео лавҳалар орқали намойиш этилди. Яшнободликларни қийнаб келаётган ва ечимини кутаётган масалаларни бартараф этиш чора-тадбирлари хусусида сўз борди.

Шундан сўнг, тумандаги аҳолига хизмат кўрсатиш тармоқлари мутасадди ва раҳбарларига зарур кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди. Бундан ташқари, мавжуд тўртта секторда Президент қарори бўйича тасдиқланган “Йўл харитаси” асосида олиб борилаётган ишлар қониқарли эмаслиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Сессияда Яшнобод туманининг тўртта сектори раҳбар (туман ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов, туман прокурори Олимжон Азимов, туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи  Атамурат Ахмедов, туман Давлат солиқ испекцияси бошлиғи  Ғиёс Дўсмуҳамедов)ларининг 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширган иш фаолиятига ҳам баҳо берилди.

Тадбир якунида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида тўртта сектор штаби, ўттиздан ортиқ маҳаллалар фуқаролар йиғинларига компьютер жамланмалари ва бошқа зарур техника ҳамда жиҳозлар топширилди.

Сессияда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилбар Нажмитдинова иштирок этди.

Манба: www.yashnobodnews.uz