ХАЛҚ ШОИРИ АНВАР ОБИДЖОН БИЛАН УЧРАШУВ

Куни кеча Яшонобод туманидаги 282-умумтаълим мактабида “Китобим — офтобим” мавзуида адабий-бадиий маърифий кеча бўлиб ўтди. Ўзига хос адабиёт байрамига айланган тадбирга ўзбек болалар адабиётининг кўзга кўринган намоёндаси, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон ташриф буюрди.

Учрашувда шоир ўзининг ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ ёрқин хотиралар ҳамда болалик йилларини ҳам ёдга олди. Тадбир қизиқарли савол-жавобларга бой тарзда ўтди.

Маълумот учун, Анвар Обиджон 1947 йилнинг 25 январида Фарғона вилоятида таваллуд топган. 1964 йилда ўрта мактабни тугатгач, Самарқанд молия техникумида ўқиган. 1981 йилдан бошлаб у Тошкентга келиб, “Ёш гвардия” нашриёти, “Ёш куч”, “Муштум” журналларида фаолият кўрсатди.

Шоирнинг “Баҳромнинг ҳикоялари”, “Оловжон ва унинг дўстлари”, “Эй, ёруғ дунё”, “Кетмагил”, “Безгакшамол”, “Масхарабоз бола”, “Жуда қизиқ воқеа”, “Олтин юракли автобола”, “Даҳшатли Мешполвон” каби шеърий ва насрий китоблари чоп этилган. Улардан ташқари, адибнинг “Қўнғироқли ёлғончи”, “Паҳлавоннинг ўғирланиши” каби пъесалари саҳна юзини кўрган.

Ижодий учрашувда мактаб ўқувчилари Анвар Обиджон ижодига мансуб асарлари асосида тайёрланган саҳна чиқишлари намойиш этишди. Шоирнинг шеърларидан намуналар ўқишди.

Манба: www.yashnobodnews.uz