ХОТИН-ҚИЗЛАР ФАОЛЛИГИНИ ЯНАДА ОШИРИШ ЙЎЛИДА

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 17-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби мажлислар залида туманда хотин-қизлар ўртасида кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб қувватлаш ҳамда самарадорлигини оширишга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан уюштирилган мазкур тадбирда айни пайтда туманда фаолият кўрсатаётган тўққизта тижорат банклари, туман давлат солиқ инспекцияси, шаҳар “Ҳунарманд” уюшмаси масъул ходимлари, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган ва меҳнатга лаёқатли ишсиз хотин-қизлар иштирок этди.
Семинарни туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Феруза Раҳматуллаева очди ва олиб борди. Феруза Назруллаевна туманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш йўлида олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталар экан, яшнободлик аёллар ва хотин-қизларнинг жамиятимиз тараққиётига ҳисса қўшишда янада фаол бўлишга чақирди.
Шунингдек, тадбирда туман савдо-саноат палатаси раҳбари М.Исмоилов, туман давлат солиқ инспекцияси бош инспектори Ф.Юсуфходжаев, шаҳар “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Ш.Мардонов, банкларнинг масъул ходимлари ҳамда бошқалар сўзга чиқиб, юртимизда Президентимиз ва давлатимиз томонидан тадбиркор хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва улар учун яратилаётган шароит, имтиёзлар хусусида сўз юритдилар.
Тадбир давомида семинар қатнашчилари ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга атрофлича жавоб олдилар.


Манба: www.yashnobodnews.uz