ШИРИНОБОДЛИКЛАРНИ ҚАНДАЙ МУАММОЛАР ҚИЙНАМОҚДА?

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманининг бир пайтлар «Шумиловка» номи билан машҳур бўлган мавзеси аксарият кишилар тасаввурида абгор кўчалари билан гавдаланса ажабмас.

Аммо бугун мазкур ҳудудда жойлашган “Ширинобод”, “Маърифат” сингари маҳаллаларга ташриф буюрган киши мутлақо бошқача манзара гувоҳи бўлиши шубҳасиз. Яшнобод тумани ҳокимлиги саъй-ҳаракатлари билан бу ерда ички йўлларга ўрнатилган эски симёғочлар янгиларига алмаштирилиб, йўллар текисланмоқда, асфальт ётқизилмоқда.

Куни кеча туман ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов раҳбарлигида соҳа ва тармоқлар мутасаддилари “Ширинобод” маҳалласидаги Боку кўчаси 2-бошиберк кўчада истиқомат қилувчи аҳоли мурожаатига ечим топиш учун йиғилишди.

— Кўчамиз охирги марта қачон таъмирланганини эслай олмайман, — дейди фуқаро Татъяна Маровская. — Бир неча марта канализация қувурлари кавлангану аммо кўчага асфальт ётқизиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди. Муаммони ижобий ҳал қилишларини сўраб туман ҳокимлигига мурожаат қилувдик. Улар арзимизни эътиборсиз қолдиришмаганидан жуда хурсанд бўлдик.

— Мурожаатни ижобий ҳал қилиш чораларини кўрамиз, — дейди туман ободонлаштириш бўлими мутасаддиларидан бири Миродил Иминов. — Туман электр тармоқлари идораси симёғочларни алмаштирса, корхонамиз ишчилари 1300 квадрат метрга асфальт ётқизамиз.

Демак, туманда ободонлаштириш ишлари босқичма-босқич давом эттирилади. Бу эса аҳолининг фаровон турмуши учун замин яратади, албатта.

Манба: www.yashnobodnews.uz