ЯШНОБОДДА “ТАШАББУС — 2019” ТАНЛОВИ ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ

Пойтахтимизнинг “Янгиобод” тўйхонасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус – 2019” кўрик-танловининг Яшнобод туман босқичи ўтказилди.

Тадбир Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси шаҳар ва туман бўлимлари томонидан «Ҳунарманд» уюшмаси, туман ҳокимлиги ва бошқа бир қатор идоралар кўмагида ташкил қилинди.

Ҳозирда Яшнобод туманида юзлаб кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатмоқда.

Танлов доирасида иштирокчилар маҳсулотларининг кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Иқтисодиёт ва саноатнинг турли йўналишлари учун мўлжалланган хилма-хил товар ва буюмлар, миллий ҳунармандчилигимизнинг бой мероси иштирокчилар, кўргазмага ташриф буюрганларда катта қизиқиш уйғотди. Бу ерда автомобиллар эҳтиёт қисмлари, қурилиш материаллари, маиший жиҳозлар, мебель, тўқимачилик, гигиена ва косметика маҳсулотлари, электр двигателлар, пластик ўйинчоқлар, ёғоч ва мисдан тайёрланган идишлар, телевизорлар, ипак, пергамент ва терига солинган расмлар намойиш этилди.

“Ташаббус — 2019” кўрик-танловининг туман босқичининг саноат соҳади “Йилнинг энг яхши тадбиркори” номинацияси бўйича Жамшид Абдуллаев (PROTECTION COSMETICS ХК) ғолибликни қўлга киритди. Хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича “Йилнинг энг яхши тадбиркори” номинациясида Фурқат Шодмонов (NOZIMA STYLE BUSINESS ООО)га тенг келадигани топилмади.

Шунингдек, тадбирда “Йилнинг энг ёш тадбиркори” номинациясида ҳам кўплаб иштирокчилар ўзлари яратаётган маҳсулотлари ва лойиҳалари билан қатнашдилар. Унда  Фотима Сулаймонова (MULTIMIX BUILDING OK) томонидан тақдим этилган маҳсулотлар мутахассислар ва ҳакамлар ҳайъати томонидан алоҳида эътирофга сазовор бўлди. Мазкур хусусий корхона қурилиш ишлари учун зарур бўлган сифатли коллер ва бўёқлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган.

“Йилнинг энг яхши ҳунарманди” номинацияси бўйича бир йўла тўққиз нафар тадбиркор ғолиблар қаторидан жой олганлиги алоҳида аҳамиятга эга. Улар орасида Маргарита Валитова, Шаҳло Пўлатова, Муҳаррам Юсупова, Яков Собинов, Раъно Файзиева каби тадбиркорлар бор.

Ғолиблар “Ташаббус — 2019” кўрик-танловининг шаҳар босқичига йўлланмани қўлга киритдилар.
Манба: www.yashnobodnews.uz