ЯШНОБОДЛИК ЁШ КИТОБХОНЛАР СОВРИНДОРЛАР САФИДА

Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқувчилар қалбида инсоний фазилатларга нисбатан меҳр-муҳаббат уйғотиш мақсадида улкан ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Жумладан, ўғил-қизлар онгида китобхонлик маданиятини шакллантириш, шунингдек, миллий ва жаҳон адабиёти бўйича билимларини ошириш мақсадида “Ёш китобхонлар” республика кўрик-танлови ўтказилди.

Ғолиблар 2 та шарт бўйича аниқланди:

1-шарт “Энг кўп китоб ўқиган жамоа викторинаси” деб номланди. Мазкур шартга кўра ўғил-қизларнинг ўзбек ва жаҳон адабиётига оид китобхонлик даражаси баҳоланди;

2-шарт “Бадиий қаҳрамонлар” деб номланди. Ушбу шартда жамоа иштирокчилари ўзлари хоҳлаган миллий ва жаҳон адабиёти бўйича қисқа театрлаштирилган саҳна кўринишини намойиш этди.

Унда пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 70-сонли ўрта мактабнинг 8-синф ўқувчилари муносиб иштирок этишди. Барча босқичларда муваффақиятли қатнашган Абдулборий Умаралиев, Нафиса, Абдулмазитова, Лайло Имомалиева, Моҳира Ҳайитбоевалардан иборат жамоа нуфузли танловнинг фахрли иккинчи поғонасидан ўрин эгаллашди.

Танловда биринчи ўрин Наманган вилояти вакилларига насиб этган бўлса, самарқандлик ёш китобхонлар учинчи бўлишди.

Кўрик-танлов ғолиблари, совриндорлари, номинация эгалари ҳамда иштирокчилар Халқ таълими вазирлиги томонидан I, II ва III даражали дипломлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Манба: www.yashnobodnews.uz