“ЯШНОБОД” ТЕХНОПАРКИ РЕЗИДЕНТИ — ХАЛҚАРО ТЕНДЕР ҒОЛИБИ!

Пойтахтимиздаги “Яшнобод” технопарки резиденти — “City Light” МЧЖ Европа Комиссияси молиялаштирадиган Дрезден Техника университети томонидан ўтказилган “Чиқиндиларни қайта ишлаш ва биоэнергия ишлаб чиқариш” тендери танловида ғолиб деб топилди.

Лойиҳа баҳоси 5 миллион еврони ташкил қилади. Вакилимиз Германия, Бельгия, Швеция, Франция, Финляндия, Чехия, Австрия каби давлатларнинг йирик илмий-ишлаб чиқариш компаниялари қаторида мазкур лойиҳанинг тенг ҳуқуқли ҳамкори ва иштирокчисига айланди. Лойиҳадан кўзланган мақсад — техник ва аграр чиқиндиларини қайта ишловчи мобил ускуналарни яратиш ва шу орқали биоёқилғи (бензин, суюқ ёқилғи), техник шакар ҳамда парчаланувчи полиэтилен маҳсулотлари ишлаб чиқаришдан иборат.

— Зарарли газларни атмосферага чиқаришни қисқартириш мақсадида бугун дунё миқёсида қайта тикланувчи энергия манбаларини ҳиссаси тобора ошиб бормоқда, — дейди лойиҳа муаллифи, “City Light” МЧЖ раҳбари Дилшод Ғафуров. — Одатий қайта тикланувчи энергия, яъни қуёш энергияси ёки шамол энергияси сутканинг маълум қисмида ёки об-ҳаво шароитларига қараб ишлаб чиқарилади. Чиқиндилардан ишлаб чиқариладиган энергия манбалари мана шу ўзгарувчан омилларга боғлиқ эмаслиги, шунингдек, энергия тизимини мувозанатда ушлаб туриши билан муҳимдир. Лойиҳани яратишда ўғлим ЎзМУ физика факультети 3-босқич талабаси Ҳожиакбар Ғафуровнинг ҳам алоҳида ҳиссаси бор. Германияда ўтган танловда у экспертлар қаторидан жой олди.

Режага кўра, мазкур лойиҳа 36 ойга мўлжалланган бўлиб, 2020 йилнинг биринчи ярмидан бошлаб амалга татбиқ этилади. Корхона вакиллари дастлаб пойтахт вилоятининг Янгийўл туманида фаолият олиб бораётган “Интерсок” МЧЖ корхонасида тайёрланган хомашёларни ишлаб чиқаришга тақдим этишни режалаштиришган.

Шу йилнинг октябрь ойида Дрезден техника университети ва Еврокомиссия вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга келиши кутилмоқда. Мутахассислар янги тизимларни ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ҳамда баҳолаш жараёнларини кузатишади.

Манба: www.yashnobodnews.uz