“ЯШНОБОД” ФУТБОЛЧИЛАРИ ТАНАФФУСГА ЙИРИК ҒАЛАБА БИЛАН ЧИҚДИ

Футбол бўйича Тошкент шаҳар чемпионати иккинчи лигасида муваффақиятли қатнашаётган “Яшнобод” жамоаси тўққизинчи турда “Пахтакор-А” футболчиларига қарши тўп сурди. Туманимиздаги “Обод” сунъий қопламали стадионида кечган баҳсда Азиз Файзиев шогирдлари рақиб дарвозасига жавобсиз учта тўп йўллашди — 3:0.

Дастлаб Миржамол Мирзаев ҳисобни очган бўлса, иккинчи бўлимда унинг ўзи ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Мезбонларнинг ўн беш ёшли футболчиси Ҳожиакбар Олтинов эса ўз жамоасининг йирик ҳисобдаги ғалабасини таъминлади.

Шундай қилиб, мусобақанинг “В” гуруҳида кураш олиб бораётган яшнободликлар биринчи давра учрашувларини йирик ҳисобдаги ғалаба билан якунлашга муваффақ бўлишди.

Эслатиб ўтамиз, “Яшнобод” жамоаси ўтказилган тўққиз учрашувнинг еттитасида зафар қучган бўлса, бир ўйинда дуранг ўйнади ва бир баҳсда рақибига имкониятни бой берди. Азиз Файзиев шогирдлари тўққиз ўйинда рақиблари дарвозасини 32 бора ишғол этиб, атиги 5 марта учрашувни майдон марказидан бошлашга мажбур бўлишди. Жамоамиз ҳисобида 22 очко бор.

Тақвимга кўра, иккинчи давра учрашувлари 21 августда бошланади. Шу куни “Яшнобод” футболчилари ўз майдонида Ички ишлар вазирлигининг “Академия” жамоасини қабул қилишади.

Тошкент шаҳар футбол федерациясидан билдирилишича, давралар оралиғидаги танаффус чоғида шаҳар кубоги баҳслари уюштирилади. Бу ҳақда эса кейинроқ батафсил хабар қиламиз.


Манба: www.yashnobodnews.uz