“ЯШНОБОД” ФУТБОЛ МАКТАБИ ҚАБУЛ ЭЪЛОН ҚИЛАДИ

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида “Яшнобод” профессионал футбол клубига асос солинганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Ўтган йили яшнободликлар Тошкент шаҳар чемпионати иккинчи лигаси ва “Мустақиллик кубоги — 2018” мусобақаларида муносиб қатнашди.

Айни чоғда “Яшнобод” жамоаси аъзолари “В” ПРО лиганинг Шарқий минтақаси баҳсларида иштирок этмоқда. Шунингдек, жамоа ўринбосарларидан ташкил топган “Яшнобод-2” вакиллари Тошкент шаҳар чемпионати 2-лигасида ўз омадини синаб кўряпти.

Эътиборлиси, “Яшнобод” профессионал футбол клуби қошида болалар футбол мактаби ташкил этилган бўлиб, унда бешта ёш (2012 йилда туғилганлар ва ундан катта ёш) гуруҳида ёш футболчилар ўз маҳоратларини оширишмоқда.

Туман ҳокимлиги ва хомийлар томонидан жамоани қўллаб-қувватлаш, ёш истеъдодларни кашф этиш учун зарур чоралар кўрилаётганлиги эътиборлидир. Ҳозирда футбол клуби учун туманда иккита (сунъий қопламали ва табиий чимли) замонавий стадион барпо этиш ишлари бошланган.

Ўз олдига бир қатор истиқболли лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилган “Яшнобод” профессионал футбол клуби қошидаги мактабларга “чарм тўп” сирларини ўргатиш ва ўз истеъдодларини намойиш қилишлари учун 2012 йилда туғилган ва ундан катта ёшдаги болалар ва ўсмирлар қабулини эълон қилади.

Мурожаат учун телефон — +998998984341.

Болакайлар туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва соғлиги ҳақида шифокор рухсатномаси билан рўйхатга ёзиладилар.

Ҳурматли ота-оналар! Фарзандларингиз орасидан келажакда  Миржалол Қосимов, Сервер Жепаров, Одил Аҳмедов каби футбол истеъдодлари издошлари чиқишини истасангиз шошилинг! Ёш гуруҳлари бўйича қабул ўринлари чекланган.

Манба: www.yashnobodnews.uz