ЁЗГИ СПОРТ-СОҒЛОМЛАШТИРИШ МАЙДОНЧАЛАРИДА

Бугун юртимиз болажонлари ёзги таътилни қандай ўтказишмоқда? Маълумки, республикамиздаги мавжуд болалар ёзги оромгоҳлари барча ўғил-қизларни қамраб олиш имконига эга эмас. Хўш, унда уйда ота-оналари қарамоғида қолган болалар бўш вақтларини қандай ўтказишади? Улар ёзги таътил чоғида нималар билан машғул?

— Жорий йилда туманимиздаги 6 та (61-, 69-, 153-, 198-, 212-, 227-сонли) мактабларда соғломлаштириш майдончалари ташкил этилган, — дейди Яшнобод тумани халқ таълими бўлими мудири Собир Мамадалиев. — Уларда жами 4 та мавсум давомида 2160 нафар (ҳар бир мавсумда 540 нафардан) ўқувчилнинг дам олдириш ва соғломлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, 21 та умумтаълим мактабларида ёз мавсумида 5 та муҳим ташаббус ижроси бўйича тўгараклар фаолияти ташкил этилди. Ушбу тўгаракларда жами 191 та тўгарак фаолият олиб борилди. Иккита (204-, 282-сонли) мактабда эса капитал таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли тўгараклар фаолияти ташкил этилмади. Ушбу мактабнинг ўқувчилари яқин ҳудуддаги соғломлаштириш майдончаларига жалб этилди.

Соғломлаштириш майдончалари ва 5 та муҳим ташаббус ижроси бўйича тўгараклар фаолиятига жалб этилган педагог ходимлар ҳамда ўқувчилар рўйхати  умумтаълим мактаблари кесимида шакллантирилди, тўгараклар жадваллари тасдиқланди, масъул педагоглар бириктирилди.

Барча ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан ёз мавсумини қизиқарли ва фарзандларининг соғлиғи ҳамда хавфсизлигини таъминлашга масъул эканликлари тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Яшнобод тумани жисмоний тарбия ва спорт бўлими билан келишув режа-жадвали асосида 6 та соғломлаштириш майдончаларига жалб қилинган болалар туманда жойлашган 2-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабига қарашли 3 та сузиш ҳавзаларига мунтазам равишда чўмилишга олиб борилди.

Бундан ташқари, мавсумлар давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Яшнобод тумани маҳаллий Кенгаши билан ҳамкорликда олтита соғломлаштириш майдончаларида “Ёзни Камалак билан!” шиори остида турли танловлар ташкил этилмоқда.

Бир сўз билан айтган, туманимиз болажонларининг ёзни мазмунли ва мароқли ўтказишлари учун барча шарт-шароит ва қулайликлар яратилган.

Манба: www.yashnobodnews.uz