ЁШЛИК, СЕНГА ҲАВАСИМ КЕЛАДИ!

Мустақилликнинг 28 йиллик тантаналари муносабати билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан “Миллий қадриятлар – пойтахт ёшлари нигоҳида” номли ёшлар сайли бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллик тантаналарига саноқли кунлар қолди. Шу муносабат билан бугун Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан “Миллий қадриятлар – пойтахт ёшлари нигоҳида” номли ёшлар сайлига старт берилди. Унда пойтахтимизнинг барча туманлари, жумладан, яшнободлик ёшлар ҳам фаол иштирок этишаётганлиги қувонарли, албатта.

Тадбирнинг очилишида сўзга чиққанлар юртимизда ёш авлоднинг ижодий ва бадиий қобилиятларини ривожлантириш, истеъдодларини юзага чиқариш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Сайил давомида ёш олим ва мутахассислар, шоир ва ёзувчилар, кино ва театр актёрлари, эстрада хонандалари, рассомлар, спортчилар, иқтидорли ёшлар, таълим муассасалари ўқувчи-талабалари, маҳаллалардаги ёшлар, корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган ёшлар иштирокида миллий анъаналар, урф-одатлар, халқ ўйинлари ва турли танловлар ташкил этилди. Ёшлар сайли тасвирий санъат, либослар дизайни, мунчоқли безак, бадиий тўқиш, дўппидўзлик, кулолчилик ва майда пластика, юмшоқ ўйинчоқлар ва қўғирчоқлар, ёғоч ўймакорлиги каби йўналишларда ўтказилди.

Мазкур тадбир 22-23 август кунлари Тошкентдаги энг гавжум ҳудудлардан бири бўлган Сайилгоҳ кўчасида ўтказилмоқда. Шунингдек, Сайилгоҳ кўчасида “Ижод завқи” номли карнай-сурнай фестивали ҳам бўлиб ўтди. Халқимизнинг улуғ айёмига бағишланган бетакрор тадбирнинг дастлабки кунида 5000 га яқин ёшлар ҳамда 300дан ортиқ сайёҳ иштирок этганлиги эътирофга лойиқ. Улар орасида яшнободлик юзлаб йигит-қизлар ҳам бор.

Сайилда иштирок этаётган жўшқин йигит-қизлар юзидаги табассум, қалблардаги ҳароратни кўриб, бехосдан ЁШЛИК, СЕНГА ҲАВАСИМ КЕЛАДИ, деганингизни билмай қоласиз азизлар!

Манба: www.yashnobodnews.uz