Ўзбекистоннинг расмий захиралари ҳажми 34 млрд доллардан ошди

Марказий банк Ўзбекистон олтин-валюта захиралари статистикасини янгилади.

2020 йил 1 август ҳолатига кўра расмий захиралар 34,7 млрд долларни ташкил этди. Ўзбекистоннинг захиралари заиф диверсификацияланган, шунинг учун деярли барча миқдор олтин (20,7 млрд доллар) ва хорижий валютадаги захира активлар (13,6 млрд доллар) ўртасида тақсимланган.

Марказий банк ушбу маълумотларни ошкор қила бошлаганидан бери (2017 йил кузида) биринчи марта расмий захиралар 34 миллиард доллардан ошди. Улар асосан олтин нархининг ўсиши ҳисобига ортди.

Захиралар, шу билан бирга, мамлакатнинг «хавфсизлик ёстиқчаси» деб ҳам ҳисобланади – улар салбий ташқи шок ҳолатларда зарбани камайтирувчи омил сифатида зарур ва захираларнинг етарлилиги шок ҳолатларнинг хусусиятига бевосита боғлиқ.

Ўзбекистон 20 ойлик импортни молиялаштириш учун етарли захирага эга экани маълум бўлди. Бу халқаро ташкилотлар томонидан тавсия этилган кўрсаткичдан кўп.

Бундан олдин, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари ҳажми 32 млрд доллардан ошгани хабар қилинганди.