Ўзбекистон — Жанубий Корея: ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ ҚИРРАЛАРИ

Шу йилнинг 12 — 17 январь кунлари Яшнобод туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ҳожиакбар Тиллашайхов раҳбарлигидаги делегация KTI Trading компанияси директори жаноб Ким Жонг Кю таклифи билан Жанубий Корея давлатида бўлиб қайтишди. Мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини ошириш, хорижий инвестицияларни мақсадли йўналтиришни ўз олдига асосий вазифа қилиб қўйган делегация саноат, қурилиш ва шаҳарсозлик лойиҳалари бўйича тажриба алмашди. Делегациямиз таркибида “Яшнобод инновацион технопарк” раҳбари Нодир Ахмеджонов, туман архитектори Дилшод Азимов жанубий кореялик ҳамкорлар билан янги ғоя ва ташаббуслар бўйича ўзаро фикр алмашиб, амалий шартномалар ҳамда халқаро мемораундумлар имзолашди.

— Ташрифимизнинг дастлабки кунида “Инчхон” эркин иқтисодий зонасида бўлдик, — дейди Яшнобод туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ҳожиакбар Тиллашайхов. — “Инчхон” эркин иқтисодий зонасига Жанубий Корея ҳукумати томонидан 2003 йилда асос солинган. Ҳудудий жиҳатдан 209,4 км/кв майдонга эга. Бу шимолий-шарқий Осиёнинг муҳим логистика ва халқаро бизнес марказларидан саналади. Айнан шу ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўлида Жанубий Корея ҳукумати ва маҳаллий сармоядорлар томонидан 2003 — 2020 йилларга мўлжалланган уч босқичли лойиҳалар асосида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани диққатга сазовордир.

Айниқса, «Doosan Machine Tools» компанияси вице-президенти жаноб Ким Жонгжин билан ўтган учрашувимиз томонлар учун ҳар томонлама ижобий ва фойдали бўлди, дейишимиз мумкин. Мезбонлар ташаббуси ва ҳамроҳлигида компания тасарруфидаги завод ва лабораторияларига саёҳат уюштирилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур компания бугунги кунда Жанубий Кореяда етакчи саналса, дунёда бешинчи ўринда туради. Айни пайтда бу ерда ишлаб чиқарилаётган машинасозлик ва металлни қайта ишлаш ускуналари дунёнинг кўплаб мамлакатларига эскпорт қилинади. Корхонада 1400 нафардан ортиқ малакали мутассис фаолият кўрсатишади.

Бугунги кунда мамлакатимизда машинасозлик, тўқимачилик, енгил ва озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Келгусида ушбу корхоналар учун техника ва анжом-ускуналарга эҳтиёж ортиши табиий. «Doosan Machine Tools» компаниясининг конструкторлик бюросини юртимизда очиш ва маҳаллий малакали мутахассисларни тайёрлаш эвазига импорт ўрнини босадиган сифатди маҳсулотларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш борасида аниқ тўхтамга келингани эътиборли, албатта.

Учрашув якунида “Яшнобод” инновацион технопаркини янада тараққий эттириш бўйича ўзаро фикрлар алмашилинди. Компания раҳбарияти келгусида Ўзбекистонда “Яшнобод” технопаркида ўзининг конструкторлик бюросини очиш ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ўз қарорини билдирди. Режага кўра, шу йилнинг апрель ойида «Doosan Machine Tools» компанияси вице-президенти жаноб Ким Жонгжин юртимизга ташриф буюрадиган бўлди.

Жанубий Кореянинг «Vega Inc.Company» компанияси қурилиш ва лойиҳалаштириш ишлари бўйича катта тажрибага эга. Ўзига хос меъморий лойиҳалар ва шаҳарсозлик соҳасида улкан амалиётга эга корхона раҳбари Ким Хенг Сок билан ўтган учрашувда “Яшнобод” технопарки раҳбарияти ҳамкорлик меморандумини имзолашга муваффақ бўлдилар. Шу йилнинг март ойида «Vega Inc.Company» компанияси директори Ким Хенг Сок раҳбарлигида кореялик мутахассислар Яшнобод туманига ташриф буюришади ва янги инвестицион лойиҳалар бўйича амалий ишлар бошлаб юборилиши келишиб олинди.

«KTI Trading» савдо компанияси директори Ким Джонг Кю билан учрашув ҳам ҳар икки томон учун ниҳоятда фойдали бўлди. Компания ва “Яшнобод” инновацион технопарки ўртасида имзоланган меморандумга кўра, хорижлик ҳамкорлар юртимизга юқори сифат ва технологияга эга ускуна ва жиҳозлар мамлакатимизга импорт қилинади. Ҳамкорлик шартномасига кўра, шу йилнинг февралида компания раҳбари Ким Жонг Кю Тошкентга ташриф буюради.

Беш кунлик сафар чоғида, шунингдек, Жанубий Корея — Ўзбекистон ўртасида кўплаб савдо-сотиқ шартномалари ҳам имзоланди. Унга кўра, юртимизда етиштирилган мева-сабзовот ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича ҳам келишиб олинди.

025
« of 12 »

Манба: www.yashnobodnews.uz