Ўзбекистон прокуратура органлари ташкил этилганига 30 йил тўлди

8 январь – мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни. Бугун мазкур санага 30 йил тўлди.

1992 йил 8 январдаги Президент фармони билан Ўзбекистон ССР прокуратураси мустақил Ўзбекистон прокуратурасига айлантирилди.

Конституциямиз ва “Прокуратура тўғрисида”ги қонунда мазкур органлар фаолиятининг устувор ҳуқуқий асослари баён қилинди.

Илк маротаба мустақил давлатнинг прокуратураси сифатида эътироф этилган ва бу мақоми қонуний тарзда мустаҳкамланганига 30 йил бўлган мазкур тизим инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш йўлида изчил ишларни амалга ошириб келмоқда.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг қайд этишича, Президентимизнинг ташаббуси, тизимга бўлган эътибори туфайли прокуратура органларининг қиёфаси кейинги йилларда тубдан ўзгарди. Ҳозирги давр, аввало, инсон қадру қимматини жойига қўйиш, унинг ҳақ- -ҳуқуқларини амалда рўёбга чиқариш сари узоқ кутилган қадамларнинг ташлангани билан ҳам аҳамиятлидир. Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак, деган тамойил жамиятдаги устувор қоидалардан бирига айланди.

Хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасида қисқа муддатда амалга оширилган ислоҳотлар нафақат тизим вакиллари, балки жамият учун ҳам оғриқли нуқталарга айланган муаммоли масалаларни ҳал қилиш имконини берди.

Энг муҳим жиҳат шундаки, кўрилаётган чоралар самараси ўлароқ, прокуратура органлари халқ сари юз тутди, уни ташвишга солаётган муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашадиган, “Инсон қадри учун”, деган тамойилни рўёбга чиқаришга камарбаста бўладиган ишончли тузилма сифатида янги даврга қадам қўйди.

– Албатта, бунинг учун қисқа муддатда ўзига яраша мураккаб ва масъулиятли йўлни босиб ўтишга тўғри келди, – дейди Н.Йўлдошев. – Мазкур босқичда “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари”, деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон бўлади. Бундан буён бутун фаолиятимиз “инсон – жамият – давлат”, деган янги тамойил асосида ташкил этилади. Ҳеч шубҳасиз, еттита устувор йўналишдан иборат бўлган Тараққиёт стратегияси жамиятнинг барча аъзоларидан, хусусан, биринчи навбатда ўзини қонун посбони деб ҳисоблайдиган прокурорлардан том маънодаги янгиланишни, ўзгаришни талаб қилади.

Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга масъул бўлганларнинг ўзи ислоҳотлар ва жамиятда кечаётган маънавий янгиланишлар талабларига мос тарзда ўзгармас экан, кўзланган мақсадларга эришиш қийин кечади.

Зотан, Президентимиз таъбири билан айтганда, адолат ва қонун устуворлиги халқчил давлат қуриш, инсон қадр – қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шартидир.

Айни пайтда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишда ҳам муҳим бўлган бу шартни амалда таъминлаш учун Тараққиёт стратегиясида бир қатор муҳим чораларни рўёбга чиқариш белгиланган.