ҲАМ ҲАШАР, ҲАМ БАЙРАМ!

Ўтган дам олиш кунлари юртимиз аҳолиси ўзгача кечди. Жумладан, пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги маҳаллалар, таълим ва тарбия муассасалари, корхона ва ташкилотлар ишчи-хизматчилари, қўйингки, барча ёшу кекса мамлакатимиз Мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган умумхалқ хайрия ҳашарида фаол иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 августдаги фармойишига биноан жорий йилнинг август ойи мамлакатимизда ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ҳамда 17-18 август умумхалқ хайрия ҳашари кунлари, деб эълон қилинди.

Ҳашар маҳалла ҳудудларини, гузарлар, кўчалар, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳ ва қабристонларни тартибга келтириш, якка-ёлғиз қариялар, ногиронлар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишда яна бир яхшигина баҳона ёки сабаб, десак хато қилмаймиз.

Айниқса, Яшнобод туман давлат солиқ инспекциясига қарашли 4-сектор ҳудудидаги “Ўрта масжид”, “Катта Қўйлоқ”, “Мумтоз”, “Қўйлиқобод”, “Тарновбоши” каби ўн икки маҳалла, еттита умумтаълим мактаблари, саккизта мактабгача таълим муассасалари умумхалқ ҳашари жонбозлик билан ташкил этилди.

Эътиборлиси, куннинг биринчи ярмида умумхалқ хайрия ҳашари жойлардаги барча ташкилотлар, муассасалар, корхоналар, шунингдек, фуқаролар йиғинлари ҳудудида уюшқоқлик билан ўтказилди. Куннинг иккинчи ярмида эса туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, маданият ва спорт бўлимлари, туман давлат солиқ инспекцияси томонидан 4-сектор штаби жойлашган “Ўрта масжид” маҳалла фуқаролар йиғинида ўзига хос байрам уюштирилди. Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус лойиҳасига асосан тадбирда тумандаги ўғил-қизлар маданият, санъат, спорт ва китобхонлик бўйича ўз чиқишларини намойиш этдилар. Шу жойнинг ўзида туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан  бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил қилинди.

Ўзига хос байрам тусини олган тадбир доирасида ташкилотчилар томонидан дастурхон ёзилиб, ош тортилди. Байрамга кам таъминланган ва ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларнинг вакиллари таклиф этилдилар.

Манба: www.yashnobodnews.uz