ҲОЗИР МАЪРУЗА ЭМАС, КЎПРОҚ АМАЛИЙ ИШЛАР ҚИЛИНАДИГАН ДАВР!

Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш Бош бошқармасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 21 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида белгилаб берилган вазифаларни сўзсиз бажариш мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси жойлардаги бўлинмаларининг фаолиятини тизимли ташкил этиш бўйича семинар-тренинг ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маъруфова, Тошкент шаҳар хокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилбар Нажмитдинова ва барча вилоятлар Хотин-қизлар қўмитаси котибият мудирлари, Соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқ ўринбосарлари ҳамда махалла фаоллари иштирок этди.

“Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустахкамлаш, қизлар ва аёлларга сифатли акушер-гинекологик ва тиббий ёрдамларни ташкил этиш, ҳомиладорлик даврида аёллар парвариши сифатини яхшилашда “Аёллар маслахатхонаси”, “Қизлар саломатлиги маркази” ва “Саломатлик мактаблари” фаолиятининг роли ҳақида Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Раъно Хаитбаева  маъруза қилди.

Эътиборлиси, семинарда Яшнобод туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Муаттархон Абдуллаева туман кўп тармоқли марказий поликлиника қошидаги  “Аёллар маслаҳатхонаси”, “Қизлар саломатлиги маркази” фаолияти билан таништириб, семинар иштирокчиларига мастер-класс дарсларини ўтиб берди. Айниқса, тумандаги “Тарновбоши” маҳалласида ташкил этилган “Саломатлик мактаби”нинг ҳар бир аъзоси иштирокида ўз фаолиятини, ўз вазифаси ва ютуқларини бошқалар билан ўртоқлашиш учун келганларнинг олқишига сазовор бўлди. Бир сўз билан айтганда, бугун давр узундан узоқ маърузаларни эмас, кўпроқ амалий ишларни талаб этаётганлиги ўз исботини топди.

Тадбир якунида баҳс-мунозара жараёнида кўплаб таклиф ва кўрсатмалар берилди. Самимий ва очиқ мулоқот руҳида кечган семинар тренингда мутахассислар қатнашчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб беришди.

Манба: www.yashnobodnews.uz