ҲОКИМ МАКТАБ ЎҚУВЧИСИНИ НЕГА МЕТРО ҚУРИЛИШИГА ТАКЛИФ ҚИЛДИ?

Пойтахтимизнинг Яшнобод тумани ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов 61-сонли умумий ўрта таълим мактабида 10-синф ўқувчилари учун ўтган “Манавият соати” дарсида йигит-қизларнинг келгуси орзу ва қизиқишларини тинглади. Дарс давомида келажакда темирйўл соҳаси мутахассиси бўлишни мақсад қилган ўқувчилардан бири Жавлон Мирвоҳидовни ўзи билан янги барпо этилаётган ерусти метро қурилишига таклиф қилганди.

Орадан бир неча кун ўтиб, туман раҳбари одатдаги иш режасига кўра, дарсдан сўнг 10 “В” синф ўқувчиси Жавлон Мирвоҳидовни ўзи билан янги қурилаётган иншоотга олиб борди. Қурилиш ишлари билан яқиндан танишиб, бунёдкорлик ишларида қатнашаётган ҳамюртларимиз билан суҳбатлашди. Ўз навбатида мазкур ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари юзасидан Жавлон ҳам ўзини қизиқтирган кўплаб саволларга мутахассислардан жавоб олди.

— Бугуннинг ёшлари жуда зийрак ва ўта қизиқувчан, — дейди Хожиакбар Камолиддинович. — Менимча, ҳозир аудиторияда уларга маънавий-маърифий соатлар, назарий дарслар ўтиш билан биргаликда ўқувчиларни қизиқишларини инобатга олган ҳолда амалиётга ҳам жалб этсак айни муддао бўларди. Мактаб ўқувчиларининг орасида тиришқоқ ва ўқишга иштиёқмандлари жуда кўплиги юртимиз келажаги порлоқлигидан дарак бериб турибди. Эътиборимни тортган жиҳатларидан бири, ҳали 10-синфда таҳсил олишига қарамасдан айрим йигит-қизлар мактабни битирмасдан туриб олийгоҳларга имтиҳон топширишнинг имкони борми, деб сўрашяпти. Аксарият ёшлар аллақачон мактабни битириб қайси институт ёки университетга ҳужжат топширмоқчилигини ўзи учун аниқлаб олишган. Кимдир шифокор, яна бири педагог, бошқаси иқтисодчи ёки темирйўл соҳасида мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшмоқчилигини билдиришмоқда.

Ҳозир юртимизда асрларга татигулик жуда улкан лойиҳалар, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Барча қатори ўғил-қизларимиз ҳам бу каби ишларни телевизор орқали кўриб, матбуот саҳифаларида кузатиб боришяпти. Мазкур бунёдкорлик ва яратувчилик ишларини бевосита кўриши ва танишиши учун Жавлон Мирвоҳидовни пойтахтимизда бунёд этилаётган ерусти метро қурилишига таклиф этдим.

Туман ҳокими ва мактаб ўқувчиси билан биргаликда Яшнобод туман прокурори, ички ишлар бошлиғи, қурилиш ишлари ижтимоий масалалар бўйича ҳоким ўринбосарлари ҳам фойдаланишга топширилиши кутилаётган янги “Дўстлик” бекатидан то “Оҳангарон” метро бекатигача бўлган 2,8 километрлик ерусти метро йўлини яёв босиб ўтишди. Диққатимизни тортгани мазкур ҳудудда қурилиш-монтаж ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда. Юзлаб ишчиларнинг қўли-қўлига тегмайди. Кимдир темирйўл шпаллари орасига тош тўкиб, уни текислаётган бўлса, яна кимдир электр жиҳозларини ўрнатмоқда, бошқаси пайвандлаш ишлари билан машғул. Метронинг “Дўстлик” ҳамда “Оҳангарон” бекатларида сўнгги пардозлаш ишлари авжида.

— Рости, туманимиз ҳокими қизиқишларимни эшитиб, аввалига таклиф қилганларида ишонмагандим, — дейди Жавлон Мирвоҳидов. — Бунинг учун аввало Хожиакбар акага раҳмат айтаман. Шаҳримиз кундан кун чирой очиб бораётганлиги, аҳоли учун қулайликлар яратилаётганлиги барча қатори мени ҳам жуда хурсанд қилади. Аммо бу шарт-шароитлар ортида қанчалик катта меҳнат ётганлигини тасаввур қилмагандим. Қарийб уч километр йўлни босиб ўтдик. Ана шу ҳудуднинг ўзида юзлаб кишиларнинг қандай ишларни амалга ошираётганини кўрдим. Келгусида халқимиз оғирини енгил қиладиган бу ерусти метро қурилиши бир умр хотирамда қолади. Вақти келиб биз ёшлар бу каби замонавий иншоотларнинг қадрига етишни, асраб-авайлашни ва ўзгалар меҳнатини эъзозлашни ўрганишимиз керак эканлигини ҳис қилдим. Тўғриси, янги ерусти метро йўлидаги ишларни бевосита гувоҳи бўлганим мени темирйўл соҳасига бўлган қизиқишим ва меҳримни янада оширди. Энди янада кўпроқ ўқиб, изланиб, келажакда албатта Тошкент темирйўл муҳандислари институтига ўқишга кираман. Келгусида малакали темирйўл соҳаси мутахассиси бўлиб етишишга ва албатта мен ҳам шундай улкан бунёдкорлик ишларига ўз ҳиссамни қўшишга қарор қилдим. Мактабга боргач, бу ерда амалга оширилаётган ишлар, қурувчиларнинг меҳнатлари ва бошқа барча кўрганларимни ўртоқларимга ҳикоя қилиб бераман.

Манба: www.yashnobodnews.uz