7-СОНЛИ ИИБГА ЯНГИ БИНО ТОПШИРИЛДИ

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги Жўрабек маҳалласида 7-сонли ички ишлар бўлимига янги бино қуриб фойдаланишга топширилди.

Тантанали маросимда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Улуғбек Турсунов, Яшнобод тумани ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов, профилактика инспектори, капитан Вафо Чориқулов ҳамда бошқалар сўзга чиқдилар.

Тантанали очилиш маросимида янги бинонинг рамзий калитини туман ҳокими Хожиакбар Тиллашайхов 7-сонли ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник Комилжон Эшоновга топширди.

Беш ой муддатда қуриб битказилган замонавий ва кўркам бинода ички ишлар ходимлари фаолиятини тўғри ташкил этиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Хоналар кенг ва ёруғ, компьютер ҳамда бошқа зарур техникалар билан жиҳозланган. Хизматчиларнинг бўш вақтларида ҳордиқ чиқаришлари учун ҳам шароитлар муҳайё қилинган. Шунингдек, бу ерда кутубхона ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ички ишлар бўлими Яшнобод туманидаги “Асалобод”, “Бойсун”, “Маърифат”, “Ширинобод”, Жўрабек сингари ўн битта маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш учун хизмат қилади.

Манба: www.yashnobodnews.uz