БЎШ ИШ ЎРИНЛАРИ МЕҲНАТ ЯРМАРКАСИ

Муҳтарам Президентимиз томонидан ўтган йилнинг 14 январида 2016 йил якунлари бўйича ўтказилган Вазирлар Маҳкамаси мажлисида ҳамда ҳудудларга ташрифлари давомида маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий –маънавий муҳитни янада соғломлаштириш борасида жиддий камчиликларга эътибор қаратилиб, қатор вазифалар белгилаб берилган эди.

Ушбу вазифалар ижросини амалга ошириш мақсадида ҳозирда барча ҳудудларда Жамоатчилик назорати гуруҳлари томонидан маҳаллалар фаоллари билан биргаликда оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалий ишлар олиб борилмоқда.

Олиб борилаётган ишлар ва кўрилаётган чоралар натижасида аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида турли салбий кўрсаткичлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қисман камайишига эришилди.

Аммо, таҳлиллар маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда айрим йўналишларда ҳали самарали натижаларга эришилмаётганлиги, бу борадаги салбий кўрсаткичлар ҳамон юқорилигича сақланиб қолаётганлиги ва бошқа бир қатор муаммолар борлигини кўрсатмоқда.

Яшнобод туманида 220 000 дан ортиқ аҳоли бўлиб, шундан 113 377 нафарни хотин-қизлар,    1251 нафарини уюшмаган ёшлар ва  2056 нафарини ишсиз фуқаролар  ташкил этади.

Ўтган йил туманда жами 104 та жиноят хотин-қизлар томонидан содир этилган бўлиб, 2016 йилга нисбатан 10 тага камайишига эришилган. Жиноятлар таҳлил этилганда, аксарияти хотин-қизларнинг иш билан банд бўлмаганлиги, моддий томондан эҳтиёжмандлиги  туфайли содир этилганлиги маълум бўлди.

Туман ҳокими ўринбосари, туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси Феруза Рахматуллаева томонидан тумандаги аҳоли, аёниқса хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқзарликлар бўйича маълумот берилди ва уларни олдини олишда ҳар бир фуқарони бандлиги таъминлаши кераклиги тушунтирилиб ўтилди.

Шу сабабли, маҳаллалардаги аҳоли, ёшлар, айниқса хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида туман ҳокимлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, туман бандликка кўмаклашиш маркази, Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари туман кенгаши билан ҳамкорликда  Яшнобод Темир йўл касб-ҳунар коллежида “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмарка”си ташкиллаштирилди.

Тадбирда Халқ таълими, мактабгача таълим, тиббиёт бирлашмаси, ободонлаштириш бўлими, корхона ва ташкилотларининг масъул ходимлари сўзга чиқди. Улар томонидан корхона ва ташкилотнинг бўш иш ўринлари  бўйича слайд тақдимоти орқали маълумот берилди.

Туманда аҳолини бандлигини таъминлаш юзасидан тадбиркорликка жалб қилиш бўйича тўхталиб ўтилди.