Китоб – машъала!

Китоб ҳам, китобхонлик ҳам, кутубхона ҳам инсон маънавиятини бойитишга хизмат қилади.

Китоб – инсоннинг яқин ҳамроҳи, дўсти, ҳам маслаҳатчиси. У ақлни пешловчи қайроқдир. Китоб тафаккур манбаи бўлгани учун халқимиз уни нондай азиз ва муқаддас деб эъзозлаб, қадрига етишлари ва мутолаа қилишлари зарур. Зеро темир зангласа емирилганидай, маънавиятсизлик инсонни мўрт қилиб қўяди.

Зиёли оилада камол топган фарзандлар Ватанимиз келажаги, халқимиз ишончи ва таянчи бўлади. Биз болалик чоғимизда отам ишдан чарчаб келишларига қарамай қилган дарсларимизни текширар, мавзуларни сўзлаб беришни талаб этар эдилар. Қолаверса, ўзлари ҳам турли эртак ва достонларни ўқиб берар эдилар. Чунки кун келиб китоб ўқиш бизни камолатга етказишини орзу қилгандирлар.

Ҳа хақиқатан ҳам фарзанднинг китобхон бўлишида, ҳар томонлама етук ва баркамол бўлишида ота-она зиммасида катта масъулият бўлади. Инсоннинг болаликда ўқиган китоблари, ўрганган билимлари унинг ҳаёт йўлини белгилаб беради. Шу боис, халқимиз ёшликда олган билимини тошга битилган нақшга ўхшатганлар. Бу борада ота-оналар эътиборлироқ бўлишлари лозим.

Китоб ўқиш инсоннинг маънавий оламини бойитади, сўзлашув маданиятини оширади ва аждодларимиздан қолган маданий меросни келажак авлодга етказишда муҳим ўрин тутади. Чунки ҳар қандай бузғунчи ғоя ва хуружни юксак маънавият билан енгиб ўтиш мумкин.

Шу боис, кутубхоначилар янада фаол бўлишлари, ёшларни китобхонликка қизиқтириш, кутубхонага жалб қилиш, улар билан ишлашлари ҳозирги кунда ҳар доимгиданда муҳимроқдир. Шундай қилиб кутубхоначи китобхонлар билан ишлашнинг турли усулларидан кенгироқ фойдаланиб халқимизнинг китоб ўқишини ҳаётий заруратга айлантирмоқлари лозимдир.

Шуни инобатга олиб Яшнобод туман ахборот-кутубхона маркази ҳозирги карантин даврида ҳам китобхонларнинг китобга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида https://t.me/Yashnobod_tuman_AKM  телеграмм каналига китобларнинг электрон шаклини, аудио китоблар, эртак китоблар жойлаштириб бормоқда.

Чунки китоб инсоннинг келажагини белгилаб берувчи машъаладир.

Яхшигул АТАЕВА, 

Яшнобод туман ахборот-кутубхона

маркази директори