МУРОЖААТЛАР СТОЛ АТРОФИДА ЭМАС, ЮЗМА-ЮЗ МУЛОҚОТДА ТИНГЛАНДИ

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги Жўрабек маҳалласида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси бошлиғи генерал-майор Рустам Жўраев сайёр қабул ўтказди. Унда туман ҳокими ўрибосарлари, секторлар, корхона ва ташкилотлари раҳбарлари, мазкур туман фуқаролари иштирок этди.

Фарқли жиҳати, бу гал аҳоли мурожаатлари стол атрофида эмас, балки жонли мулоқот тарзида тингланиб, уларнинг ечимини топишга аҳамият берилди. Мурожаатларнинг аксарияти фуқароликка қабул қилиш, прописка олиш, уй-жой масалалари, коммунал хизматдаги муаммолар хусусида бўлди. Уларнинг аксарияти бўйича зарур чоралар белгиланиб, мурожаатларни ўрганиш ва ҳал этиш учун тегишли ташкилотлар иш режасига киритилди.

Шунингдек, мазкур тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси бошлиғи генерал-майор Рустам Жўраев маҳалладаги кўпқаватли 6-уйнинг 91-хонадонида ёлғиз истиқомат қилувчи отахон Халил Полвоновнинг ҳолидан хабар олди. 95 ёшли отахон билан мулоқот чоғида 3-сектор вакиллари, маҳалла фаоллари, тиббиёт ходимлари Р.Жўраевга ҳамроҳлик қилишди. Анчадан бери хаста ётган Халил Полвоновга дори-дармон ва озиқ-овқатлар ҳадя қилинди.

Хабарингиз бор, яқинда Жўрабек маҳалласида Яшнобод тумани 7-сонли ички ишлар бўлими янги бинога кўчиб ўтганини маълум қилгандик. Мазкур сайёр қабул давомида Рустам Жўраев мазкур бинода ички ишлар ходимларининг самарали меҳнат қилишлари ва фуқаролар қабули учун яратилган замонавий шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси бошлиғи генерал-майор Рустам Жўраев туман мутасадди раҳбарлари ҳамроҳлигида Жўрабек маҳалласида жойлашган 52-сонли махсус мактаб-интернатга ташриф буюрди. Бу ерда жисмоний имконият чекланган ўғил-қизлар учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечириб, таълим маскани раҳбарияти ва ўқитувчилари билан суҳбатлашди. Ташриф чоғида мактаб-интернат ўқувчиларига иккита ногиронлик аравачаси ҳамда бадиий китоблар тўпламини топширди.

Манба: www.yashnobodnews.uz