“НАВРЎЗОБОД” ЯНАДА ОБОД БЎЛМОҚДА

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида бугунги кунда 58 та маҳалла мавжуд. Туман ҳокимлиги томонидан мазкур маҳаллаларни босқичма-босқич ободонлаштириш, аҳоли фаровонлигини ошириш йўлида талайгина ишлар амалга оширилмоқда.

Ўтган йили тумандаги “Дилбоғ”, Жўрабек, “Фидойилар” сингари бир қатор маҳаллаларда “Обод маҳалла” Давлат дастури асосида бунёдкорлик ишлари олиб борилганди.

Амалдаги йилда мазкур дастур асосида “Наврўзобод” маҳалласида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари қизғин давом эттириляпти.

— Маҳалламизда етти мингга яқин аҳоли истиқомат қолади,  — дейди «Наврўзобод» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мавлуда Турдибаева. — Бу аҳоли асосан 34 та кўпқаватли уйларда яшайди. Уйларимиз 13 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига бириктирилган. Туман ҳокимлигининг эътибори туфайли қисқа фурсатда маҳалламиз таниб бўлмайдиган даражада ўзгарди, кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Уч-тўрт йил аввал келган киши бугун маҳалламизга ташриф буюрса, танимай қолиши шубҳасиз.

Давлат дастури доирасида туман ободонлаштириш идораси хизматчилари 10000 метр квадратдан ортиқ ҳажмдаги ички йўлларда таъмирлаш ва асфальт ётқизиш ишларини поёнига етказишди. Кўпқаватли уйлар олдида иккита янги болалар майдончаси барпо этилиб фойдаланишга топширилди.

Туман ҳокимлиги ташаббуси ҳамда хомийлар кўмаги асосида янги ва замонавий “Наврўзобод” маҳалла фуқаролар йиғини қуриб битказилди. Бу кўркам бино яқин кунларда фойдаланиши кўзда тутилган.

Манба: www.yashnobodnews.uz